Туркия Ғазога 100 минг тоннадан ортиқ ёрдам юборди – Эрдўған
Олам
−
26 Август 2025 3428 2 дақиқа
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Анқара Ғазода адолат ва ҳуқуқни ҳимоя қилишда давом этаётганини маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари бугун, 26 август куни Малазгирт ғалабасининг 954 йиллигига бағишланган тадбирда айтиб ўтди.
Унга кўра, Туркия дипломатик хатлар, телефон мулоқотлари, халқаро алоқалар ва гуманитар ёрдам орқали Фаластин халқини қўллаб-қувватламоқда. Ғазога юборилган инсонпарварлик ёрдами ҳажми 102 минг тоннадан ошган.
Эрдўғаннинг сўзларига кўра, Туркия барча майдонларда Фаластин масаласини ҳимоя қилиб келади ва Ғазодаги биродарларини Исроилнинг зулмига қарши ҳеч қачон ёлғиз қолдирмайди.
Сурия масаласига ҳам тўхталган Президент, Туркия бу мамлакатдаги барча этник гуруҳлар, жумладан, курдлар учун ҳам хавфсизлик кафолати эканини айтган. Унга кўра, Анқара ва Дамашқ билан ҳамкорлик қилган томонлар фақат ютади.
Эрдўған Туркия бутун минтақада барқарор тинчлик ўрнатиш тарафдори эканини, муаммолар ва қарама-қаршиликларни эса диалог ва дипломатия йўли билан ҳал қилишни мақсад қилаётганини таъкидлаган.
Маълумот учун, 1071 йил 26 август куни Султон Алп Арслон бошчилигидаги Салжуқий турклар ва Византия императори Роман IV Диоген қўшинлари ўртасида бугунги Туркиянинг шарқидаги Малазгирт (Манзикерт) ҳудудида жанг бўлиб ўтган. Бу жангда турклар ҳал қилувчи ғалабага эришган. Натижада Анадолуга кенг кўламда турк қабилаларининг кўчиши бошланган ва у ҳудуд кейинчалик туркий дунёнинг асосий марказларидан бирига айланган. Шу сабабли Малазгирт ғалабаси турклар тарихида бурилиш нуқтаси, Анадолуни “турклар ватани”га айлантириш жараёнининг бошланиши сифатида қаралади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркиянинг биринчи хоними, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг рафиқаси Эмина Эрдўған АҚШ Президенти Дональд Трампнинг рафиқаси Мелания Трампга мактуб йўллаб, ундан Ғазодаги гуманитар инқирозга ҳам худди Украинадаги урушга бўлгани каби эътибор қаратишни сўраганди.