Туркия Eurofighter қирувчисини сотиб олмоқчи
Олам
−
23 Ноябрь 2023
6441Туркия Буюк Британия билан охирги модификациядаги 40 та Eurofighter қирувчи самолётини сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда Туркия Миллий мудофаа вазирлигидаги манбага таяниб, “Habertürk” хабар берди.
“Биз Буюк Британия билан самолётлар сотиб олиш масаласини муҳокама қилмоқдамиз. Бу мавзу мамлакатларимиз мудофаа вазирлари учрашувида муҳокама қилинади. Биз икки босқичда ҳар бири 20 донадан 40 та самолёт сотиб олиш истагини билдирдик. Биз фақат Eurofighter’ни кўриб чиқяпмиз, бошқа муқобил йўқ. Ва бу, албатта, энг сўнгги модификациядаги янги самолётлар бўлади”, деган манба.
Мудофаа вазирлиги, шунингдек, Eurofighter сотиб олиш варианти АҚШдан F-16 самолётларини сотиб олиш ва уни модернизация қилиш жараёни давом этаётган бир пайтда амалга оширилаётганини билдирган. Манбага кўра, Британия ҳам Туркияга Eurofighter сотилишига Германиянинг эътирозларини бартараф этишга ёрдам беришни ваъда қилган.
Эслатиб ўтамиз, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған жорий йилнинг 17 ноябрь куни Германияга амалга оширган ташрифи ортидан берган интервьюсида Берлин расмийлари Анқарага Eurofighter қирувчи самолётларини сотиш имконияти ҳақида изоҳ бермаганини билдирган эди.
"Канцлер [Олаф Шольц] бу мавзуга тегмади. У Eurofighter’ни бериш ёки бермаслик ҳақида миқ этмади. Биз аниқ айтдик – улар самолётларни берадиган бўлса, демак беради. Агар йўқ бўлса, бизда бошқа [самолётларни қабул қилиш] имконияти йўқми? Бор, албатта. С-400 ҳаво мудофаа тизимини олишдан аввал қандай қадамлар ташланганини биласизми? Америка бизга ракетага қарши мудофаа тизимини бермади, биз эса Россиядан С-400’ни сотиб олдик. Ҳозир бизда улар бор”, деган Эрдўған.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь