Туркия, Болгария ва Грецияда сув тошқинлари оқибатида 11 киши ҳалок бўлди

Олам

image

Туркия, Болгария ва Грециядаги сув тошқинлари 11 кишининг ҳаётига зомин бўлди. Бу ҳақда мамлакатларнинг оммавий ахборот воситалари хабар берди.

Туркия Ички ишлар вазири Али Ерликая Истанбулда сув тошқини оқибатида икки киши ҳалок бўлганини, Игнеада шаҳрида яна беш киши вафот этганини, бир киши бедарак йўқолганини маълум қилган.

“CNN Greece” Грецияда икки кишининг ўлими ҳақида хабар берди. Болгариянинг “Novinite” агентлигига кўра, Царево шаҳрида икки киши ҳалок бўлган.

Али Ерликая Истанбулдаги сел оқибатида 31 кишининг тан жароҳати олиб, улардан 8 нафарининг шифохонага ётқизилганини билдирган. Сув тошқини 5 сентябрда бошланган кучли ёмғирдан кейин содир бўлган.

“TRT Haber”га кўра, Игнеадада ҳалок бўлган беш киши бунгало (баъзи тропик мамлакатларда кичик қишлоқ уйи) ижарага олган сайёҳлар бўлган. Уйда жами 12 киши истиқомат қилган, сув тошқини оқибатида бинони сув оқими ювиб кетган. Йўқолган сайёҳни қидириш давом этмоқда.

“CNN Greece” телеканалининг хабар беришича, Грециянинг тарихий Фессалия вилоятида сув тошқинлари сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилинган ва унинг ҳудудида транспорт ҳаракати тақиқланган.

Греция метеорология хизмати прогнозига кўра, минтақада ноқулай об-ҳаво 7 сентябргача давом этади. Вафот этган 87 ёшли аёлнинг жасади Пальцис вилоятида топилган, Волос шаҳрида яшовчи 51 ёшли эркак ҳам сув тошқини оқибатида вафот этган. Бундан ташқари, икки киши бедарак йўқолганлар рўйхатида.

Болгарияда кучли ёмғир Царево шаҳрида сув тошқинига олиб келган. Шаҳар мэри Георгий Лапчев “Novinite” нашрига икки киши ҳалок бўлганини тасдиқлаб, яна уч киши бедарак йўқолганини билдирган.

Ёмғир туфайли Ропотамо ва Қораоғоч дарёлари қирғоқларидан тошиб кетган. Кўприкларнинг вайрон бўлиши туфайли Ахтопол шаҳри, шунингдек, Варвара, Синеморей ва Резово қишлоқлари бутунлай изоляция қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Греция Болгария сув тошқинлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг