Туркий кенгаш жаҳонда тан олинган муҳим интеграция майдонига айланди – Жапаров
Олам
−
31 Март 2021
4593Аввал хабар берилганидек, онлайн шаклда Туркий тилли давлатлар кенгашига аъзо мамлакатлар раҳбарларининг норасмий учрашуви бошланди. Унда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳам нутқ сўзлади.
“Ҳозирда Туркий Кенгаш дунё ҳамжамияти томонидан тан олинган туркий интеграция учун энг муҳим ва обрўли платформага айланди”, дейди Қирғизистон Президенти Садир Жапаров.
Унинг таъкидлашича, ҳозирги кунда барча мамлакатлар коронавирус пандемияси оқибатларини бошдан кечирмоқда, шу муносабат билан у Туркий Кенгашга аъзо давлатларнинг раҳбарларини бирлашишга чақирди.
Давлат раҳбари Туркий кенгашнинг ташкилот платформасида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва ижтимоий масалаларни муҳокама қилиш имкониятига эга бўлган иштирокчи мамлакатларнинг кўп томонлама муносабатларни яқинлаштириш ва яхшилаш жараёнида муҳим ролга эгалигини таъкидлади.
Шунингдек, у ҳозирги иқтисодий инқироз шароитида Туркий кенгаш аъзолари бир-бирини қўллаб-қувватлаб, кўп томонлама лойиҳаларни амалга ошириб, мавжуд қийинчиликларни энгиб чиқишига умид билдирди.
Садир Жапаров туркий дунёнинг инвестиция жамғармасини яратишни ана шундай муҳим лойиҳалардан бири деб атади ва ушбу молия институтининг бош офиси учун Бишкекдан жой ажратишга тайёрлигини билдирди.
“Жамғарма Туркий кенгаш мамлакатларидаги бизнес лойиҳаларни молиялаштиришнинг қўшимча манбаи бўлиб хизмат қилади, тадбиркорликни ривожлантиришга ҳисса қўшади ва кичик ва ўрта-бизнесни молиявий манбалар билан таъминлайди. Жамғарма фаолиятини қўллаб-қувватлаш орқали биз туркий давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларда янги саҳифани очамиз”, дейди Жапаров.
Садир Жапаров фонднинг ташкил этилиши билан мамлакатлар ўртасидаги инвестиция муҳити яхшиланишига ва шу билан бирга муносабатларни мустаҳкамлаш учун иқтисодий рағбат яратилишига ишонч билдирди.
Аввалроқ саммитда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған нутқ сўзлаб, муқаддас Рамазон ойидан кейин (май ойида) Тоғли Қорабоғдаги Шуша шаҳрига ташриф буюриш нияти борлигини маълум қилганди.
LiveБарчаси