Туркий давлатлар ташкилотида у ёки бу давлатнинг гегемонлиги йўқ – Бағдод Амриев

Олам

image

Бугун Туркий давлатлар ташкилоти фаолияти хусусида оммавий ахборот воситаларида мақолалар сони тобора ортмоқда. Айниқса, Россия ва ғарб матбуотида ташкилот ҳақида турли фикрлар яграмоқда. Улар орасида Туркий давлатлар ташкилоти номи билан бошқа давлатлар ишига бурун суқиш, ҳарбий тузилма ташкил этиш, ғоявий таъсир ўтказиш ҳақидаги фикрлар анчайин жарангдор ва ўйлашга мажбур қилади. Туркий давлатлар ташкилоти Бош котиби Бағдод Амриев “Exclusive” нашрига берган интервьюсида айнан шубҳа ва гумонлар устига қурилган фаразларни йўққа чиқарган.  

“Йўқ. Мамлакатларимиз бошқа қардош давлатларнинг ички сиёсий жараёнларига таъсир ўтказишга интилмагани учун халқаро туркий омил мамлакатларимиздаги ички сиёсий жараёнларга, жамоатчилик фикрига жиддий таъсир кўрсатмайди. Ўзбек, қозоқ ёки турклар бошқа туркий давлатларнинг ички ишларига аралашганини эшитмаганман. Ҳеч қандай баҳона билан уларнинг таъсирини ёйиш, ўз қадриятларини сингдириш, ўз ғаразли манфаатларини кўзлаш уринишлари йўқ”, дейди Амриев. 

Туркий давлатлар ташкилоти атрофидаги гап-сўзлар орасида ташкилот у ёки бу давлат манфаатларидан келиб чиқиб фаолият юритиши ҳақидаги фикрлар ҳам йўқ эмас. Хўш, бунда гегемонлик кимнинг қўлида бўлиши мумкин? Амриев саволга қуйидагича жавоб берган: 

“Туркий давлатлар ташкилотида у ёки бу давлатнинг гегемонлиги, бир-бирига даъвогарлиги, бир-бирининг ички ишларига аралашиш нияти мутлақо йўқ. Аксинча, ҳар бир давлатнинг суверенитети Ташкилотнинг барча мамлакатлари учун инкор этиб бўлмайдиган ва муқаддасдир. 

Ишонинг, Туркий давлатлар ташкилоти аслида манфаатсиз, дўстона ва қардош давлатлар иттифоқидир. Бу туркий жамиятимизнинг энг муҳим афзалликларидан бири, деб ҳисоблайман”, дейди Амриев.

Амриев интервьюда Ташкилотда яна 15 мамлакат кузатувчи мақомини олмоқчи экани ҳақида ҳам гапирган. Шунингдек, ташкилот ҳарбий тузилмага айланмаслиги, бунга эҳтиёж йўқлигига ҳам аниқлик киритган. 

Маълумот ўрнида, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига 2009 йилда Нахичеван битими билан Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия ва Қирғизистон бошчилигида асос солинди. Ўзбекистон орадан 10 йил ўтиб, 2019 йилнинг сентябрь ойида Кенгаш аъзолигига кирди. 2021 йилнинг ноябрь ойида Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб ўтган саммитда Кенгаш номи Туркий давлатлар ташкилотига ўзгартирилди ва Туркманистон кузатувчи давлат мақомини олди. Айни вақтда ташкилот байроғи Европада ҳам ҳилпирамоқда. Венгрия аллақачон ушбу ташкилотда кузатувчи мақомига эга. 


Мақола муаллифи

Теглар

Бағдод Амриев

Баҳолаганлар

64

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг