Туркий давлатлар рақобат кенгаши тузилди. Унинг биринчи йиғилиши Қорабоғда бўлади
Олам
−
24 Январь
3788Кеча, 23 январь куни Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Чироғон саройида Туркий Давлатлар Ташкилоти (ТДТ) Бош котиби ўринбосари Мерей Мукажан, Рақобат идораси раиси Бирол Куле, Рақобат бошқармасининг Ташқи алоқалар ва рақобат тарғиботи бошқармаси бошлиғи Зейнеп Мадан ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Ўзбекистон, Шимолий Кипр Турк Республикаси ва Венгрия делегациялари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Milliyet” сайти маълум қилди.
Йиғилишда аъзо давлатларнинг рақобат органлари раҳбарлари ўз лойиҳаларини тақдим этиб, кенгашдан кутаётган мақсадларини билдирган.
Туркия Савдо вазири Ўмер Болат Туркий давлатлар рақобат кенгашининг биринчи йиғилишида сўзлаган нутқида аъзо давлатларнинг умумий миллий даромади 1,5 триллион доллар эканини маълум қилди.
Унга кўра, дунё бозорига элтувчи энг муҳим йўлак туркий давлатлар ҳудудидан ўтади. Бу ўз навбатида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш учун катта имкониятларни яратади.
“Сўнгги йилларда туркий давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми сезиларли даражада ошди – 2022 йилдаги 33 миллиард доллардан 2023 йилда 42 миллиард долларга ошди”, деган вазир.
Шунингдек, анжуманда кенгаш фаолият доирасини белгиловчи тартиб ва тамойиллардан иборат йўл харитаси келишиб олиниб, имзолаш маросими ва матбуот анжумани билан Турк давлатлари рақобат кенгашининг ташкил этилиши эълон қилинди.
Билдирилишича, Туркия ташкилотга дастлабки уч йил раислик қилади. Турк давлатлари рақобат кенгашининг навбатдаги йиғилишининг Озарбайжон рақобат органи мезбонлигида ишғолдан озод қилинган Қорабоғ минтақасидаги Шуша шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган.
“Туркий давлатлар рақобат кенгаши аъзо давлатлар ўртасида муштарак тарихий, тил ва маданий мерос билан боғлиқ алоқаларни мустаҳкамлаш, рақобат қонунчилиги билан боғлиқ муаммоларни тушуниш ва ҳал қилиш, шу билан минтақада рақобат маданиятини шакллантириш учун қўшма тадқиқотлар, ташрифлар ва ўқув фаолиятини амалга ошириш, лойиҳалар ишлаб чиқиш, билим ва тажриба алмашишни мақсад қилган”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг ноябрь ойида Туркий давлатлар ўртасидаги савдо ҳажми йилига 42 миллиард долларга етгани ҳақида маълум қилган эдик.
LiveБарчаси