Туркийларда нима гаплар?

Таҳлил

Туркий оламда сиёсий куч мувозанати ўзгариб бормоқда – давлатлар ҳамкорлик орқали глобал рақобат шароитида ўз ўрнини мустаҳкамлашга интилмоқда. Туркий дунёда ва қўшни мамлакатларда юз бераётган сўнгги воқеалар, сиёсий жараёнлар ва минтақавий ўзгаришларни, шунингдек давлат амалдорларининг қилаётган ишларини таҳлил қилиш учун “Туркий дайжест” лойиҳасини бошладик.  Биз бу жараёнларни таҳлил қилиш орқали уларнинг стратегик аҳамияти ва умумтуркий бирлик нуқтайи назаридан муҳимлигини очиб беришга ҳаракат қиламиз. Демак, бошладик.

Марказий Осиё раҳбарлари Америкага боради

АҚШ Конгресси аъзолари Сидни Камлагер-Дав ва Билл Хёйзенга Президент Дональд Трампга дипломатик форумнинг 10 йиллиги муносабати билан Вашингтонда С5+1 саммитини ўтказишга чақирган мактуб йўллади.

Мактубда конгрессменлар форумнинг юбилейи Марказий Осиё билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва АҚШнинг минтақадаги хавфсизлик, иқтисодиёт, юмшоқ куч ва бошқарув соҳаларида стратегик манфаатларини илгари суриш учун ноёб имконият эканини ёзган.

Қонунчилар, шунингдек, маъмуриятни Марказий Осиё билан узоқ йиллик ҳамкорлик йўналишларини мустаҳкамловчи аниқ саммит натижалари ва келишувларни ишлаб чиқишга чақирди.

Ушбу мактубни олиши биланоқ, Трамп дарҳол Марказий Осиё раҳбарларига саммитни ўтказайлик деб таклиф берди. Энди учрашув ҳам бўлади. У жорий йилнинг 6 ноябрь куни Вашингтонда ўтказилиши режалаштирилган.

С5+1 формати аслида 2015 йилнинг ноябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган Ташқи ишлар вазирларининг биринчи учрашувидан сўнг ташкил этилган ва 2023 йилнинг 19 сентябрь куни бўлиб ўтган Президентлар учрашувига қадар ташқи ишлар вазирлари даражасида ўтказилган. Ушбу ташаббус доирасидаги муҳокамаларнинг асосий йўналишлари хавфсизлик, иқтисодиёт ва экология ҳисобланади.

2024 йилнинг 27 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 79 йиллик сессияси доирасида С5+1 минтақавий дипломатик платформаси шафелигида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон Ташқи ишлар вазирлари ҳамда АҚШнинг собиқ давлат котиби Блинкен ўртасида учрашув бўлиб ўтганди. Иштирокчилар ўшанда терроризм, экстремизм, наркотрафик, трансмиллий ва кибержиноятчиликка қарши курашиш ҳамда радикаллашувга қарши курашиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни янада фаоллаштириш ва мувофиқлаштириш зарурлигига келишиб олган.

Ўзбекистонликлар Украинада “ем бўлмоқда”

Россияга иш излаб кетаётган ўзбекистонликларнинг Украинага қарши Кремль олиб бораётган урушда ҳалок бўлиши, Россия ҳарбийлари томонидан турли қийноқларга солиниб, қўрқитилиб, урушга сафарбар қилиниши ва охир оқибат ҳеч тайёргарлик кўрмаган ёш йигитларнинг, оиласини боқаман деб борганларнинг ҳаёти ўзга юртда ўлим билан тугамоқда.

Украина Мудофаа вазирлиги ва Бош разведка бошқармаси кўмагида ташкил этилган “Хочу жить” (“Яшашни хоҳлайман”) лойиҳаси Украинага қарши урушда қатнашиш учун Россия Қуролли кучлари сафида ёлланиб, ҳалок бўлган ёки бедарак йўқолган навбатдаги 481 нафар Ўзбекистон фуқаросининг исм-шарифини эълон қилди. Лойиҳага кўра, ҳалок бўлган ва бедарак йўқолганларнинг ҳақиқий сони бир неча баравар кўп бўлиши мумкин.  Айтилишича, Ўзбекистон ҳозирда Россия Қуролли кучларида хорижий ёлланма аскарлар сони бўйича етакчилик қилмоқда. Лойиҳа берган маълумотга кўра, 2023 йилда 498 нафар, 2024 йилда эса яна 941 нафар ўзбекистонлик шартнома имзолаган. 2025 йилнинг дастлабки олти ойида Россия Қуролли кучлари билан урушга қарийб 1300 нафар ўзбекистонлик фуқаро кетган. Кўраётгангиздек, ўзини пул учун ўзга юртга қарши қурол кўтараётганлар сони йил сайин ошмоқда.

Энг қизиғи, Ўзбекистон хорижий ҳарбий асирлар орасида мунтазам равишда биринчи ўринда туриши айтилади. 2025 йилда Россияга 1,8 миллион ўзбекистонлик борган. Уларнинг аксарияти меҳнат мигранти сифатида рус ерларига қадам қўйган, аммо ҳаммаси ҳам иш топа олмаган. Бунинг ортидан, ўзбекистонликлар Россия истилочи армияси учун “ем бўлиб қолишда” давом этмоқда.

Жапаров яна узр сўрайдими?

25 октябрь куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров жиянининг тўйини 1-сонли “Ала-Арча” давлат қароргоҳида ўтказди. Президентнинг жияни ва асраб олган ўғли бўлмиш Данадил Жапаровнинг никоҳ тўйи кичик тадбир сифатида ўтказилган. Маросимда юқори мартабали амалдорлар, жумладан, сиёсатчилар, бизнес вакиллари ва келиннинг оила аъзолари иштирок этган. Меҳмонларга мобил телефонлар ва овоз ёзиш мосламаларидан фойдаланиш тақиқланган. Шунингдек, тўйга кетган барча харажатларни давлат раҳбарининг оиласи қоплаган. Аммо бу пуллар миқдори номаълум.

Данадил Жапаров танлаган қиз Иссиқ-Кўл вилоятининг Етти-Ўғуз туманида жойлашган қишлоқлардан бирида яшайди. Келин оддий оилада ўсган, отаси йўқ, онаси эса ўқитувчи. Жапаров жиянининг танловини шахсан маъқуллаб, қизнинг камбағал оиладан бўлгани ва камтарлиги билан ажралиб тургани учун унга қойил қолганини таъкидлаган.

Ҳозирча Президент маъмурияти бу борада расмий изоҳ бермаган.

Эсингизда бўлса, ўтган йилнинг 24 июнь куни Қирғизистондаги Оруу-Сай дарасида Жапаровнинг 23 ёшли жияни Лаззат Нуркожоеванинг “Marry me” маросими бўлиб ўтганди. Маросимдан олинган видеони Нуркожоеванинг ўзи Инстаграмʼдаги саҳифасига жойлаштирган. Видеода бўлажак келин-куёв дарага ФВВга тегишли бўлган вертолётда учиб келгани, у ерда ҳашаматли қилиб безатилган платформага кўтарилганини кўриш мумкин.  Мазкур ҳолат ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг кескин танқидларига сабаб бўлганди, улар Нуркожоевани оилавий алоқаларидан фойдаланишда айблаганди. 

Қирғизистон ФВВ вертолётларни расман ижарага беради. Вертолётнинг бир соатлик ижара нархи – 185 минг сом (яъни, 2000 доллардан ортиқ). Президент Жапаров эса ўз изоҳида вертолётларни ижарага беришдан келадиган пуллар бюджетга тушишини, бу пуллар эвазига ФВВ вертолёт парки янгиланишини урғулади. Шу билан бирга, у ўз оиласи аъзолари пул сарфлашда ўзини тийиши лозимлигини қайд этиб ўтган. Президент ўшанда шундай деганди:

“Мамлакат раҳбариятига яқинлар бошқаларга ўрнак бўлиши керак. Мен исрофгарчиликка чек қўйиш лозимлиги ҳақида кўп такрорлайман. Ҳеч бўлмаганда, бўлажак куёв мени қўллаб-қувватлаб, қўлни бундай сўрашдан олдин ўйлаши керак эди. У танқидга учрамасликка, Президентни ноқулай ҳолатда қолдирмасликка ҳаракат қилиши лозим эди. Ўйлайманки, у ёшлик қилган. Агар у келиб, унинг қўлини оддийгина сўраганида ҳам уни рад қилишмасди”.

Жапаров яқинларига қаттиқ талаблар қўйиши, уларни ҳамиша ўтмишдаги хатоларни қилмасликка, давлат ишларига аралашмасликка чақиришини таъкидлаганди.

“Мен бошқаларни танқид қилардим. Энди бу ҳолат ўзимга қайтиб келди. Жияним учун халқдан узр сўрайман. У одамларнинг фикрини ҳам тинглайди. Бу вазиятдан тўғри хулоса чиқаришига ишонаман. Қолаверса, у ўзининг янги ҳаётини бошлаб, оила қурмоқчи ва келажакда унинг ҳар бир ҳаракати оқилона бўлишига умид қиламан”, деган эди Қирғизистон Президенти.

Тўйдан 1 ой ўтар ўтмас Президентнинг дабдабали “Marry me” қилган бўлажак куёви Афтандил Сабирбеков гиёҳванд моддаларни сотишда гумон қилиниб ҳибсга олинди. У тергов изоляторига жойлаштирилган.

Президент электр узилишидан нолимасликни сўради

Қирғизистон раҳбари Садир Жапаров жияни Данадилнинг тўйини қароргоҳда нишонлаб бўлгач, икки кун ўтиб 27 октябрь куни Жалолобод вилоятига борди ва у ерда  Қоракўл ГЭСнинг очилиш маросимида сўзга чиқди. У ўз нутқида халқидан электр узилишидан нолимасликни сўради.

“Қишда электр таъминотидаги узилишлардан нолимайлик. 30 йил чидадик, яна 2,5 йил чидаймиз”, дейди у.

Унинг айтишича, ГЭСнинг ишга туширилиши мамлакатнинг энергетик хавфсизлигини таъминлаш ва миллий иқтисодиётни ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамдир.

“Биз барқарор энергия таъминотини таъминлаймиз ва қишки танқисликни босқичма-босқич бартараф қиламиз. Икки ярим йилдан кейин Қирғизистон электр энергиясини импорт қилишни тўхтатади. Биз ишлаб чиқараётган энергия ички эҳтиёжни тўлиқ қоплайди”, деди у.

Президент ГЭС қурилиши белгиланган муддатдан беш ой олдин якунланганини таъкидлади. Лойиҳа тўлиқ маҳаллий “Жагалмай” компанияси томонидан миллий ресурслардан фойдаланган ҳолда амалга оширилган.

Садир Жапаровнинг қўшимча қилишича, айни пайтда республикада 40 га яқин кичик ва ўрта ГЭС, шунингдек, Қора-Кечеда янги ИЭС қурилмоқда. Бу станциялар ишга тушгач, Қирғизистон нафақат импортни йўқ қилиш, балки электр энергиясини экспорт қилиш имкониятига эга бўлади. Қоракўл гидроэлектрстанцияси Қорасув дарёсида қурилган бўлиб, замонавий ускуналар билан жиҳозланган. 15 йиллик фаолиятдан сўнг объект давлат мулкига ўтказилади.

Итни сийлаб, инсон қадрини унутган Туркманистон

Итнинг қадри бор-у, одамнинг қадри йўқми? Туркманистон ҳайвонни сийлашни билибди-ю, аммо инсоннинг қадрини унутганга ўхшайди. Хабарингиз бўлса керак, жорий йилнинг 15 октябрь куни Лебап вилоятининг Туркманобод шаҳрида хавфсизлик кучлари Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов кортежи сабаб йўлларни тўсиб қўйгани ортидан етти ойлик ҳомиладор аёл шифохонага киролмай вафот этганди.

Аёлнинг эри уни шифохонага олиб кетаётган эди, бироқ уларни йўлда хавфсизлик кучлари тўхтатиб, ўтишга рухсат бермаган. Эркак хавфсизлик кучларига тиз чўкиб ёлворишгача борган, инсонгарчиликни унутган хавфсизлик ходимлари эса хиёбонлар орқали туман тиббиёт бирлашмасига пиёда боришни айтган. Қорнида ҳомиласи бор аёл эрининг қўлида ҳалок бўлган.

Хавфсизлик ходимлари эркакнинг олдига бориб, аёлининг Президент кортежи сабаб вафот этганини сир сақлашни талаб қилган. Маҳаллий аҳолининг хабар беришича, оиланинг уйи хавфсизлик кучлари томонидан қўриқланмоқда, Президент Бердимуҳамедовга шикоят қилиб, адолат излашини, шунингдек, воқеа ҳақида ОАВ ва БМТга хабар беришини айтган марҳуманинг турмуш ўртоғига эса таҳдидлар бўлган.

26 октябрь куни эса Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов “Йилнинг жасур туркман алабайи” унвонига сазовор бўлган алабай зотли Вепали лақабли ит ва унинг кинологига автомобиль совға қилди. Унинг ҳомиладор аёлнинг аянчли ўлими ҳақида ҳақида хабари борми ёки йўқ, ҳеч ким билмайди.

Итнинг машина билан сийланишига ҳеч ким ажабланмаса ҳам керак. Негаки ўзини дунёдан яккалаб қўйган бу мамлакат расмийлари итни шу қадар севадики, ҳатто унга 2020 йилда олтиндан ёдгорлик ҳам ўрнатилган.

Туркиядаги меҳмонхона ёнғини ортидан 11 киши умрбодга қамалди

Жорий йилнинг январь ойида Туркиянинг Болу вилоятидаги Карталкая тоғ-чанғи курортидаги 12 қаватли “Grand Kartal” меҳмонхонасида йирик содир бўлганди. Ёнғин меҳмонхонанинг ресторанида бошланган ва у 78 кишининг ҳаётига зомин бўлган. Хусусан, унда туркиялик телебошловчи Недим Туркман ҳам ҳалок бўлганди. Журналист оиласи билан таътилда бўлган. Унинг рафиқаси Ойша Нева ва икки фарзанди –18 ёшли қизи Ала Дора ва 22 ёшли ўғли Юже Ата ҳам ёнғинда ҳалок бўлган. Фақат учинчи қизи Пелин Туркман тирик қолди. У оиласининг жанозасида иштирок этди.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва унинг рафиқаси Эмина Эрдўған Болуда юз берган ёнғин оқибатида оила аъзоларини йўқотган Гултекин оиласига ҳамдардлик билдириш учун ушбу вилоятга ташриф буюрганди. Эрдўған ҳамдардлик изҳоридан кейин дафн маросимида иштирок этди ва кўз ёшларини тия олмади.

Ҳалок бўлганлар орасида 34 нафар бола бор – ёнғин мактаб таътилида, Истанбул ва Анқарадан кўплаб оилалар чанғи учиш учун тоғларга йўл олган пайтда содир бўлган. Яна 137 киши жароҳатланган.

31 октябрь куни ёнғинда айбланган  11 киши умрбодга қамалди, улардан бири меҳмонхона эгаси Ҳалит Эргул. Ҳали ёнғин юзасидан текширув ишлари давом этмоқда. Ушбу жиноят ишида 32 нафар айбланувчи бор, улардан 20 нафари тергов ҳибсхонасида.

Айбланувчилар орасида Ҳалит Эргулдан ташқари меҳмонхона директорлар кенгаши аъзолари, менежерлари ва ходимлари, шунингдек, шаҳар ҳокими ўринбосари ва ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари бор.

Мустақил экспертлар Карталкая тоғ-чанғи курортидаги меҳмонхона ёнғин хавфсизлиги бўйича асосий чораларни кўрмаганини маълум қилган.

Қирғиз-тожик чегарасидан чегарачилар бутунлай олиб чиқилиши мумкин

30 октябрь куни Манас шаҳрида бўлиб ўтган МДҲга аъзо давлатлар Чегара қўшинлари қўмондонлари кенгашининг 91-йиғилиши чоғида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегарада доимий чегара ўрнатиш зарурати тез орада йўқолиши мумкинлигини айтди. Ташиевнинг сўзларига кўра, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон икки мамлакат аҳолиси “фақат дўстлик кайфиятида яшаши” учун шароит яратиш устида ишламоқда. Бундан ташқари, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизмати маълумотларига кўра, 2025 йил 25 октябрь ҳолатига кўра, Қирғизистон-Тожикистон чегарасида кенг кўламли муҳандислик ишлари якунланган: 107 километрдан ортиқ сим, темир-бетон устунлар, тиканли симлар, 3D тўсиқлар ўрнатилган, 143 километрдан ортиқ йўл қурилган. Чегарачиларнинг олиб ташланишига оид бошқа тафсилотлар ҳозирча ошкор этилмаган.

Сомоний музлигининг катта қисми парчаланиб кетди

Тожикистоннинг Тожикобод тумани ҳудудидаги Сафедоби қишлоғи яқинида Исмоил Сомоний музлигидан йирик парча ажралиб тушди. 25 октябрь куни ажралиб тушган муз массаси тахминан 2 километр узунликда, 25 метр баландликда ва 200 метр кенгликда бўлиб, дарага қараб пастга силжиган. Ҳалок бўлганлар ва жиддий вайронагарчиликлар қайд этилмаган. Бироқ мутахассислар узоқ давом этаётган ёмғирлар ва янги муз бўлакларининг ажралиб тушиш эҳтимоли сабабли сув тошқинлари ҳамда кўчкиларнинг юзага келиш хавфи борлигидан огоҳлантирмоқда. Айниқса, Гулрез қишлоғи атрофларида бу ҳолат қишлоқ хўжалигига зарар етказиши мумкин.

Ҳозирча етказмоқчи бўлганларимиз шулар эди. Туркий дунё ва Марказий Осиёни биз билан кузатишда давом этинг.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Қирғизистон БМТ Туркманистон Марказий Осиё Садир Жапаров Сердар Бердимуҳамедов Ит

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг