Туркистонда Ўзбекистон маданий мероси тақдимоти ўтказилди

Жамият

Бугун, 26 октябрь куни Қозоғистон Республикасининг Туркистон шаҳрида барқарор туризм, зиёрат ва диний қадамжолар туризми ва маданий мерос объектларини муҳофаза қилишга бағишланган конференция иш бошлади. Конференция 20 та давлатдан ташриф буюрган 400 дан ортиқ вакилларни ўзида жамлади. Унда QALAMPIR.UZ мухбири ҳам иштирок этди. 

Ушбу конференция очилиш маросимида Туркистон вилояти ҳокими, Қозоғистон Президенти Администрацияси ва ҳукумати вакиллари, халқаро моддий ва номоддий маданий мерос ташкилотлари аъзолари иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Темур Мирзаев Ўзбекистон номидан иштирок этди ва Ўзбекистоннинг жаҳонга машҳур тарихий ва диний обидалари тақдимотини намойиш қилди. Шунингдек, Мирзаев матбуот анжуманида иштирок этиб, Ўзбекистон туризм ва маданий мерос вазири – Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовнинг конференцияга мурожаатини ўқиб эшиттирди. 

Конференция жараёнидаги матбуот анжуманида хорижий институтлар вакиллари ўз фикрларини оммавий ахборот воситалари билан бўлишди. Унда иштирок этган UNESCO вакили профессор Жамес Рип конференция фақатгина Туркистон шаҳрини қамраб олмаслиги, умумий қадриятларга эга Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари учун ҳам муҳим аҳамият касб этиши ҳақида айтиб ўтди:

“Ўйлашимча, ушбу конференция бутун Марказий Осиё минтақасида маданий ва диний туризм йўналишидаги алоқаларни яна бир бор таъкидлаб ўтиш учун катта бир имкониятдир. Ҳеч шубҳасиз айтишимиз мумкинки, минтақада ипак йўли бўйлаб кенг алоқалар томир ёйган. Бу эса ушбу бўлиб ўтаётган конференция мисолида минтақанинг машҳур тарихий ва диний ёдгорликларини ва шаҳарларини бир тармоққа улаш ва бу борадаги ҳаракатларни тизимлаштиришга ёрдам беради”. 

Туркистон конференцияси давомида UNESCO вакиллари ва турли халқаро маданий мерос институтлари аъзолари иштирокида меъморандумларни имзолаш маросими ўтказилди. Халқаро ташкилотлар шафелигида маданий ва номоддий мерос ёдгорликлари, зиёрат туризми объектларини муҳофазага олиш ва ҳолатини сақлаб қолиш борасида муҳим ҳужжатлар имзоланди. Қозоғистон ва Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари маданияти ва тарихига алоқадор бўлган улуғ мутафаккир Аҳмад Яссавий меъморий ёдгорлиги ва уни муҳофаза қилиш бўйича янги дастур татбиқ этилди.  

Эслатиб ўтамиз, Туркистон шаҳридаги халқаро конференция 26-28 октябрь кунлари давом этади. Тадбир якунида ОАВ ходимлари учун пресс-тур ташкил этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

18

Рейтинг

3.3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг