Турк лирасининг қадрсизланиши президент сайловигача давом этади – ОАВ
Олам
−
14 Июнь 2022
5449Туркия миллий валютаси – турк лираси йил бошидан буён 23,5 фоизга қадрсизланди. Пасайиш тенденцияси келаси йилнинг июнь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган президентлик сайловларига қадар давом этиши мумкин. Бу ҳақда “Sözcü” маҳаллий нашри ёзмоқда.
Нашрнинг ёзишича, Туркия Марказий банки жорий йилда бозорларга интервенция қилиш учун 40 миллиард долларга яқин маблағ ишлатган, бироқ турк лираси узоқ вақтдан бери давом этаётган иқтисодий ва валюта сиёсати хавф-хатарларидан келиб чиққан қўрқувлар туфайли босим остида қолган.
“Лира ҳар қандай тахминларга очиқ, унинг аҳволи заиф, 2023 йилги сайловларга қадар у "бир кишилик бошқарув" қўлида бўлади. Лиранинг келажагини бўлажак сайловлар белгилайди”, дейди молиявий таҳлилчи Пиеро Чингари газетада.
Халқаро экспертларнинг қайд этишича, Туркия президентининг дисконт ставкаси бўйича режалари бозорлардаги вазиятни янада оғирлаштириши мумкин.
Ўтган йилнинг декабрь ойидан бери Туркия Марказий банки ҳафталик репо аукционларида чегирма ставкасини 14 фоиз даражасида ушлаб турган. Шу билан бирга, кўплаб иқтисодчилар ўзгарувчанлик ва юқори инфляция фонида ставкаларни ошириш зарурлиги ҳақида гапиришади. Эрдўған ўтган ҳафта чегирма ставкасини пасайтириш режаларини эълон қилди, бу эса турк лирасининг янада қулашига олиб келди.
Истанбул фонд биржаси маълумотларига кўра, бугун, 14 июнь куни 1 АҚШ доллари тақрибан 17,26 лирани ташкил этмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, Туркияда йиллик инфляция даражаси апрель ойида 69,97 фоиз бўлса, май ойида 73,5 фоизга кўтарилди. Шу билан бирга, мустақил Инфляция таҳлил гуруҳининг маълумотларига кўра, у май ойида 160,76% ни ташкил этди. Туркия молия вазири Нуреддин Небати аввалроқ мамлакат ҳукумати ўтган йил охиридан буён олиб борилаётган, де-долларизация ва инфляцияга қаратилган янги иқтисодий сиёсатдан воз кечиш ниятида эмаслигини маълум қилган эди ва йил охирига келиб мамлакатда инфляция 48-49% бўлади.
Таҳлилчиларнинг қайд этишича, валюта танқислиги шароитида Туркия ликвидлик муаммосини ҳал қилиш учун валюта алмашинуви бўйича шартномалар тузишга мажбур бўлади. Аввалроқ Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) билан бундай шартномалар имзолаш режалари ҳақида хабар берилганди. Туркия аввалроқ БАА билан уч йиллик 4,7 миллиард долларлик валюта айирбошлаш шартномаси, шунингдек, Қатар, Хитой ва Жанубий Корея Марказий банки билан шунга ўхшаш битимлар тузган эди. Уларнинг умумий қиймати тахминан 30 миллиард долларни ташкил қилади.