Тур операторларга Умра зиёратини ташкил этиш талаблари ўзгармоқда
Жамият
−
18 Май
9665Эндиликда Ўзбекистонда “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича янги лицензияланадиган фаолият тури жорий этилади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг бугун, 18 май куни бўлиб ўтаётган эллик иккинчи ялпи мажлисида сўз борди.
Ялпи мажлисда қайд этилишича, кейинги йилларда фуқароларнинг “Умра” зиёратига бориб келишида турли муаммоларга дуч келиш ҳолатлари аниқланмоқда.
Хусусан, туризм фаолияти билан шуғулланаётган айрим тадбиркорлар “Умра” сафарига кетиш ҳақидаги рекламаларда берилаётган ваъдаларини бажармаётгани, манзилга етиб борганда меҳмонхоналар билан боғлиқ муаммолар мавжудлиги, кўп ҳолларда эса зиёратчилар бориш-келишда самолёт рейсларининг белгиланган санадан кечикиши каби ҳолатларни мисол қилиб келтириш мумкин.
Сенаторлар муҳокама қилган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун бу каби муаммоларни бартараф этиши айтилмоқда.
“Мазкур Қонун зиёратчилар “Умра” амалларини муносиб ва хавфсиз бажаришлари учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, хорижда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва кафолатланган хизматлардан фойдаланишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Қонун билан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги ва “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Жумладан, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича янги лицензияланадиган фаолият тури жорий этилмоқда. Бунда ушбу лицензия Дин ишлари бўйича қўмитаси томонидан берилиши ҳамда ушбу лицензияни олиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида давлат божи белгиланмоқда”, дейилади Сенат сайтида эълон қилинган билдиришда.
Мазкур Қонун билан амалга оширилиши учун рухсат ва тегишли ҳужжатларни талаб этадиган фаолият турлари қаторига Давлат харидлари электрон тизими оператори фаолиятини амалга оширганлик учун ҳам рухсатнома олиш қўшимча сифатида киритилмоқда.
Бундан ташқари, лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга солинадиган жарималар қаторига қўшимчалар киритилмоқда.
Эндиликда “Умра” тадбирларини лицензиясиз амалга ошириш ёки лицензияларни қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараварида жаримага сабаб бўлади.
Сенаторларнинг фикрича, Қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг энг муқаддас амалларини эмин-эркин ва хавфсиз бажаришига, бу борада ҳуқуқ ва эркинликларининг кафолатланишига, турли фирибгарликларнинг олди олинишига, энг муҳими мазкур жараёнда ҳар бир фуқаро давлат ҳимоясида бўлишига хизмат қилади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
LiveБарчаси