Тунис собиқ бош вазири 34 йилга қамалди

Олам

image

Кеча, 2 май куни бош вазир лавозимида ишлаган тунислик сиёсатчиси Али Лораед террорчиликка оид айбловлар бўйича 34 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Webdo” нашри хабар берди.

Нашрнинг ёзишича. Лораед 2011-2013 йилларда ички ишлар вазири, 2013-2014 йилларда эса Тунис бош вазири лавозимларида ишлаган. У, шунингдек, “Ан-Наҳда” партиясининг етакчиларидан бири ҳисобланади. 

Тунис биринчи инстанция суди ҳузуридаги терроризмга оид жиноятлар бўйича палата ҳукмида айтилишича, ҳукм Лораедга Тунис ташқарисидаги можароли ҳудудларга жангариларни юбориш тармоқлари билан боғлиқ иш юзасидан чиқарилган.

Нашрга кўра, Али Лораед 2022 йилдан бери ҳибсда сақланмоқда. Бу иш доирасида яна 7 киши 18 йилдан 36 йилгача озодликдан маҳрум этилган.

Бунгача, 2024 йил февраль ойида суд “Ан-Наҳда” партияси раҳбари, собиқ парламент спикери 83 ёшли Рошид ал-Ганнушийга ҳам 22 йиллик қамоқ жазоси тайинлаган.

Маълумот учун, 2021 йил июль ойида мамлакатда ҳаёт даражасининг кескин ёмонлашуви ортидан оммавий норозиликлар юзага келгач, президент Қайс Сайид парламент фаолиятини тўхтатган ва ҳукуматни истеъфога чиқарган эди. 2022 йил март ойида эса парламент расман тарқатилди. Шу йил июлда конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум ўтказилди – ғоят паст иштирок (27 фоиз) фонида 94,6 фоиз овоз билан янги конституция қабул қилинди. Бу ҳужжат Президент ваколатларини кескин кенгайтирди, 2014 йилги демократик асосли конституцияни амалда бекор қилди.

Танқидчилар, жумладан собиқ ҳукмрон “Ан-Наҳда” партияси вакиллари ҳамда касаба уюшмалари раҳбарлари, бу ўзгаришларни демократияни бекор қилиш деб баҳоламоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Перу суди собиқ президент Ольянта Умалани 15 йилга озодликдан маҳрум қилинганди. Ольянта Умалани Бразилиянинг Odbercht  қурилиш компаниясидан 2011 йилги сайловларда пул олганликда айбланган. Унинг рафиқаси Надин Эредиа ҳам худди шундай муддат олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тунис собиқ бош Али Лораед Ан-Наҳда

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг