Тўлабек Акрамов: “Бабаян билан келишиб ишладик”

Спорт

image

Аввалроқ Тошкентнинг “Локомотив” клуби бугун янги футболчиларни оммага таништиргани ҳақида хабар берган эдик.

Остон Ўрунов, Ариагнер Медина Смит, Жавоҳир Эсонқулов, Жавоҳир Соҳибов, Иброҳим Ғанихонов, Тоҳир Рафаелов каби футболчилар “Локомотив” таркибига кўчиб ўтди. Клуб бош директори ўринбосари Тўлабек Акрамов “Локомотив” клубидаги ўзгаришлар ҳақида фикр билдирди:

“Локомотив” одатда ёзги танаффус вақтида хорижга борар эди. Аммо давралар оралиғи қисқа бўлганлиги, шунингдек, асосий футболчиларимизнинг кўпчилиги январь ойидан буён дам олмагани туфайли ўз қароргоҳимизда йиғин ўтказишга қарор қилдик. Йиғин вақтида ўтказилган бир неча ўртоқлик ўйинларида мураббийлар футболчиларнинг жисмоний ҳолатига эътибор қаратишди. 

Жамоамизни Филипп Райевац, Азизбек Ҳайдаров ва Ҳусниддин Ғофуров тарк этди. Уларнинг ўрнини ёш футболчилар билан тўлдирдик. Мураббийлар штаби билан келишган ҳолда биз жамоани ёшартиришга, яъни, тажриба ва ёшликни мужассамлаштиришга ҳаракат қилдик. 

Эътибор берсангиз, янги олинган футболчиларнинг катта қисми ёш йигитлар. Остон Ўрунов 2000 йилда туғилган. Унинг қандай имкониятларга эга эканлигини ҳамма кўрди.

Шунингдек, ёш ва умидли футболчимиз Тоҳир Рафаелов 2002 йилда туғилган ва у илк марта профессионал клуб билан шартнома имзоламоқда. Иброҳим Ғанихонов ҳам энди 19 ёшга кирди. Никарагуалик Ариагнер Смит Медина 20 ёшга тўлган. 

Бу каби ёшлар орқали биз жамоанинг фундаментини янада мустаҳкамлаб олишга ишонмоқдаман. Шунингдек, Жавоҳир Эсонқулов, Жавоҳир Соҳибов каби тажрибали футболчилар ҳам “Локомотив” кучига куч қўшади”, деди Тўлабек Акрамов.

Маълумот ўрнида, Остон Ўрунов – 6, Жавоҳир Соҳибов – 15, Медина Смит – 22, Тоҳир Рафаелов – 40, Иброҳим Ғанихонов – 18, Жавоҳир Эсонқулов – 21 рақамларда ўйнайди.

“Локомотив” клуби 22 июнь куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси собиқ мураббий Самвел Бабаянга ишонч билдириб, уни жамоа мураббийи этиб тайинлади. Бабаян жамоада иш бошлагач, юқорида номи келтирилган янги футболчиларни таклиф этди. “Локомотив” Суперлиганинг 13-туридан сўнг 27 очко билан 2-ўринда бормоқда. Суперлига пешқадами сифатида “Пахтакор”да 35 та очко бор.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Локомотив Тўлабек Акрамов Бабаян

Баҳолаганлар

20

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг