Тўқаевнинг куёви лавозимидан озод қилинади
Олам
−
18 Апрель 2022
9149Қозоғистон Республикаси Конституциясига киритилган ўзгартиришлардан сўнг мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг куёви Темиртай Избастин Қозоғистоннинг Болгариядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси лавозимидан озод қилинади. Бу ҳақда маҳаллий нашрлар Адлия вазири Канат Мусинга таяниб, хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 18 апрель куни бўлиб ўтган брифингда журналистлар Мусиндан “мамлакат Конституциясига киритилаётган ўзгаришлар сабаб Президентнинг куёви Темиртай Избастин Болгариядаги элчи лавозимидан четлаштириладими?”, деб сўраган.
“Умуман олганда, Конституцияда Президентнинг яқин қариндошлари сиёсий лавозимларни эгаллаши тақиқланган. Бундай тақиқ жорий этилиши билан ҳамма нарса қонунга мувофиқлаштирилади. Шундай экан, у ҳам бу лавозимни бўшатади, чунки қонунга кўра, у мазкур лавозимда ишлай олмайди”, деб жавоб берган Адлия вазири.
Малумот учун, Темиртай Избастин Тўқаевнинг синглиси Карлига Избастин (Тўқаева)га уйланган.
Канат Мусинга кўра, қонунларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчаларни парламент кўриб чиқиши учун жорий йилнинг август ойигача, уларни қабул қилиш эса жорий йилнинг охиригача этиб белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “қонли январь” воқеаларидан сўнг парламент палаталарининг қўшма йиғилишида халқига мурожаат қилиб, Қозоғистонда давлат раҳбари қариндошларининг сиёсий лавозимларни эгаллаши тақиқланишини маълум қилган эди.
“Президент барча фуқаролар учун тенг имкониятларнинг мустаҳкам кафолати бўлиши керак. Шу боис Президентнинг энг яқин қариндошларининг сиёсий давлат хизматчилари ва квазидавлат секторида раҳбарлик лавозимларини эгаллашига қонунчилик билан чеклов киритилади”, деган у.
Шуни таъкидлаш ўринлики, Нурсултон Назарбоев раҳбарлиги даврида Президентнинг яқин қариндошлари доимий равишда юқори лавозимларни эгаллаб келган. Ҳатто, қизи Дариға Назарбоева депутатликдан Сенат раиси лавозимигача кўтарилган. Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари Самит Абиш ҳам Назарбоевнинг жияни эди.
LiveБарчаси