Тўқаев Тошкентда. У янги аэропортга қўнган илк хорижий етакчи бўлди 

Жамият

image

Бугун, 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев давлат ташрифи билан Тошкентга келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев кутиб олди. Тўқаев янги “Тошкент Шарқий” аэропортига қўнган илк хорижий давлат етакчиси бўлди.

Ташриф дастурига мувофиқ, олий даражадаги музокаралар ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон етакчилари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилиши ўтказилиши кўзда тутилган. Кун тартибидаги асосий мавзу – савдо, саноат кооперацияси, транспорт ва логистика, энергетика, қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари, маданий-гуманитар лойиҳалар каби устувор йўналишларда ҳамкорликни чуқурлаштириш.

Минтақавий ва глобал сиёсатнинг долзарб масалалари, кўп томонлама форматлар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилади. Халқаро саноат кооперацияси маркази ва қатор қўшма лойиҳаларни ишга тушириш, Ўзбекистон – Қозоғистон стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар тўпламини имзолаш кўзда тутилган.

16 ноябрь куни Қозоғистон Республикаси Президенти Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашувида ҳам иштирок этади.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев 11-12 ноябрь кунлари давлат ташрифи билан Москвада бўлганди. Россия ва Қозоғистон Президентлари Владимир Путин ҳамда Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакатлар ўртасидаги муносабатларни тўлиқ стратегик шериклик ва иттифоқчилик даражасига кўтариш ҳақидаги декларацияни имзолади.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг