Тўқаев собиқ вазирнинг хотинига суиқасд бўйича ишни ўз назоратига олди
Олам
−
28 Декабрь 2023
9992Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев собиқ Миллий иқтисодиёт вазири Куандик Бишимбаевнинг ўз рафиқасини ўлдириши бўйича ишни шахсий назоратига олди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Берик Уали “Kazinform” агентлигига маълум қилди.
“Давлат раҳбари Остона шаҳрида Салтанат Нукенованинг ўлдирилиши билан боғлиқ шов-шувли қотилликни шахсан назоратга олди, ҳуқуқ-тартибот идоралари олдига ҳам аниқ вазифалар қўйди. Президент Ички ишлар вазири Ержан Саденов, Бош прокурор Берик Асилов, Олий суд раиси Асламбек Мергалиевни аёллар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш зарурлиги ҳақида қаттиқ огоҳлантирди”, дейди Берик Уали.
Салтанат Нукенова Бишимбаевнинг иккинчи хотини бўлиб, 31 ёшда эди. Мутахассислар марҳума Нукенованинг танасида пичоқ жароҳатлари изини топмаган. Тахминларга кўра, у бошига тўмтоқ нарса билан берилган кучли зарбадан ҳалок бўлган.
Маълумот учун, 43 ёшли Куандик Бишимбаев турли вақтларда Президент ёрдамчиси, Саноат ва савдо вазири ўринбосари, Савдо ва иқтисодий ривожланиш вазири ўринбосари, “Самрук-Казина” жамғармаси раиси ўринбосари, “Байтерек” холдинги бошқаруви раиси бўлган.
2016 йилнинг майидан декабригача Қозоғистон Миллий иқтисодиёт вазири бўлган. 2017 йилнинг январида у ўғирликда айбланиб ҳибсга олинган, 2018 йил март ойида эса 10 йилга озодликдан маҳрум этилган.
Кейинчалик унинг жазо муддати икки бараварга қисқартирилган ва 2019 йилнинг октябрида Бишимбаев озодликка чиққан.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг ноябрь ойида бир қатор қозоқ маҳаллий ОАВларида Остона шаҳридаги ресторанлардан бирида аёл калтакланиб, тез ёрдам келгунига қадар вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинчалик аёл собиқ вазир Куандик Бишимбаевнинг иккинчи хотини бўлгани ва уни Бишимбаев ўлдиргани айтилди. Шундан сўнг унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бишимбаев умрбод қамоқ жазосини олиши мумкин.
LiveБарчаси