Тўқаев рус тилининг янги Конституциядаги мақоми ҳақида гапирди
Олам
−
12 Март 4516 2 дақиқа
Қозоғистон пойтахти Остонада ўтган барча даражадаги маслиҳат депутатларининг III республика форумида Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев айрим фуқароларнинг янги Конституцияда рус тилининг мақоми пасайтирилиши ҳақидаги баёнотларига жавоб қайтарди. Бу ҳақда “Informburo” хабар берди.
“Янги конституция матнининг тенг юридик кучга эга бўлган қозоқ ва рус тилларида расмий ҳужжат сифатида эълон қилинганининг ўзи кўп нарсадан далолат беради ва бу изоҳларга, айниқса, оқланишга муҳтож эмас”, дейди Қозоғистон етакчиси.
У асосий қонун лойиҳасидаги нормаларни танқид қилувчиларни саводсиз деб атаган.
“Бу янги конституция лойиҳасида рус тили мақомининг гўёки пасайтирилиши борасидаги нолаларга ҳам тааллуқлидир. Кўплаб услубий ва грамматик хатоларга бой бу каби мақолаларни ўқиш қизиқ, уларнинг муаллифлари рус тили учун жон куйдиришади-ю, лекин ўзлари уни тузук-қуруқ билишмайди”, дейди Тўқаев.
Президентнинг фикрича, Қозоғистонда “қозоқ тилининг мақоми гўёки камситилгани борасида ваҳима кўтаришга ҳеч қандай ҳожат йўқ”.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил 15 март куни Қозоғистонда мамлакатнинг янги Конституцияси лойиҳаси бўйича республика референдуми бўлиб ўтади. Қозоғистон асосий қонунининг янги лойиҳасида рус тилининг расмий мақоми сақлаб қолинган, бироқ уни қўллаш ифодаси амалдаги Конституцияга нисбатан ўзгартирилган. 11 февралда эълон қилинган асосий қонун лойиҳасига кўра, “давлат ташкилотлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларида қозоқ тили билан қаторида (наряду) рус тили расман қўлланилади”. Амалдаги асосий қонунда “қаторида” сўзи ўрнига “тенг равишда” (наравне) сўзи ишлатилган.