Тўқаев Путиндан қарздорлиги ҳақидаги саволга жавоб берди
Олам
−
30 Январь 2022
20610Россия жорий йилнинг январь ойи бошида Қозоғистонда бошланган тартибсизликлар вақтида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотининг тинчликпарвар кучларини мамлакатга юбориш учун ҳеч қандай шартлар қўймаган. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Хабар 24” телеканалига берган интервьюсида журналистнинг Владимир Путин олдидаги қарздорлик ҳақидаги саволига шундай жавоб қайтарди.
“Қарзимиз бор деган миш-мишлар ва ҳоказога келсак. Мен масъулият билан айтаманки, Владимир Владимирович Путин билан табиийки, биз кейинроқ тўлашимиз ҳақида ҳеч қандай суҳбат бўлмаган”, деган Тўқаев.
Қозоғистон раҳбари, шунингдек, КХШТ контингенти мамлакатдаги миссияси давомида бирорта ҳам ўқ узмаганини таъкидлади.
Аввалроқ Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Мухтор Тлеуберди КХШТ қўшинлари Қозоғистонни давлат тўнтаришидан қутқаришда ҳал қилувчи омил бўлганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, тинчликпарвар кучлар республика пойтахтига ҳужумларнинг олдини олган.
Қозоғистонда 2022 йилнинг биринчи кунларида оммавий норозилик намойишлари бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар ошишига қарши чиқди. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олма-отага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, жангарилар давлат муассасаларига ҳужум қилишди, қурол-яроғларни олиб кетишди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади. БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида 1000 га яқин одам жароҳатланган. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 4578 киши жароҳатланган, 225 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари.
5 январь куни эрталаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва Хавфсизлик кенгашига ўзини раҳбар этиб тайинлади. Ўз раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида Тўқаев Қозоғистондаги вазиятни давлат яхлитлигига путур етказувчи деб баҳолади ва “террорчилик таҳдидини енгишда” КХШТдан ёрдам сўраганини айтди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилди.
7 январь куни Тўқаев террорчилар, жумладан, хориждан келганлар ҳам қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтиб, қуролини ташламаганларни йўқ қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, Президент фуқароларнинг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланганини таъкидлади. 13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини маълум қилди.
LiveБарчаси