Тўқаев Конституциядан номи ўчирилган Назарбоевнинг ёнини олиб чиқди
Олам
−
23 Июнь 2022
9474Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ватандошларини республиканинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевнинг тарихий хизматларини унутмасликка чақирди. Бу ҳақда у Қозоғистон полициясининг 30 йиллигига бағишланган тантанали тадбирда сўзлаган нутқида айтиб ўтди.
“Биз, қозоғистонликлар, сиёсатчиларимизнинг меҳнатини ҳурмат қилишимиз керак. Бу Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевга ҳам тегишли. Унинг мустақил юртимизни барпо этишдаги хизматлари жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилди. Бинобарин, биринчи Президентнинг тарихий ролини эъзозлаш барчамиз учун умумий вазифадир. Унинг сиёсий мероси келажак авлодлар томонидан муносиб баҳоланади”, дейди Тўқаев.
Шунингдек, Президент ҳозирги авлод юрт учун сидқидилдан меҳнат қилиши кераклигини таъкидлаган.
“Биз халқ сифатида биринчи навбатда меҳнаткаш бўлишимиз керак. Сиёсий ўйинларга чек қўйиш керак”, дейди Тўқаев.
Маълумот ўрнида, Нурсултон Назарбоев Қозоғистонни 1989 йилдан 2019 йилгача бошқарган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 июнь куни Қозоғистон Конституциясига ўзгартириш киритиш бўйича референдум бўлиб ўтди.
Қозоғистон Конституцияси матнининг учдан бир қисмига тегишли бўлган жами 33 та ўзгартириш овозга қўйилди. Асосий ўзгартиришлардан бири Конституциядан республиканинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевга бағишланган модданинг чиқариб ташланишидир. Тузатишлар қабул қилинганлиги сабабли, у ўзининг кўпгина шахсий имтиёзлари ва Элбоши (миллат етакчиси) мақомини йўқотади, энди унинг ҳуқуқий позицияси собиқ Президентлар тўғрисидаги амалдаги қоида билан тартибга солинади. Назарбоевнинг ўзи Конституциядан унинг номини олиб ташлашни қўллаб-қувватлаган.
Ўзгартиришларда, шунингдек Қозоғистоннинг бир Президенти кетма-кет икки мартадан кўп сайланиши мумкин эмаслиги, шу билан бирга у ўз ваколати муддати давомида партиядан чиқиши кераклиги ҳам назарда тутилган. Бундан ташқари, унинг яқин қариндошларига давлат хизматчиси лавозимларини эгаллаш тақиқланади.
LiveБарчаси