Тўқаев Қозоғистон нега ядровий қуролдан воз кечганини айтди (видео)
Олам
−
19 Декабрь 3820 2 дақиқа
Қозоғистоннинг ядровий қуролдан воз кечиши стратегик узоқни кўра билиш ҳамда тинчлик ва бутун инсоният хавфсизлигига қатъий садоқатнинг ифодаси ҳисобланади. Бу ҳақда бугун, 19 декабрь куни мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Токио шаҳридаги БМТ университетида қилган нутқида сўз очди.
Тўқаев ўз нутқида тобора кучайиб бораётган ядровий таҳдид билан боғлиқ муаммоларга алоҳида эътибор қаратган. У Қозоғистон ва Япония каби камсонли давлатларгина инсоният ядровий қурол туфайли қандай улкан бадал тўлаганини “чуқур англай олишини” эслатган.
“Ҳиросима, Нагасаки ва Семипалатинск ядровий масъулият ва тийилишнинг қанчалик қимматга тушишини эслатиб туради. Мустақилликка эришгач, Қозоғистон тарихий қарор қабул қилиб, Семипалатинск ядровий полигонини ёпди ва дунёдаги тўртинчи энг йирик ядровий арсеналидан воз кечди. Бу заифликнинг белгиси эмас, балки стратегик узоқни кўра билиш ҳамда тинчлик ва бутун инсоният хавфсизлигига қатъий садоқатнинг ифодаси эди”, дейди Қозоғистон Президенти.
Унинг айтишича, орадан 30 йил ўтган бўлсада, Қозоғистоннинг позицияси ўзгармаган: глобал хавфсизлик архитектураси ядровий тийиб туриш концепциясига таяниб қолмаслиги керак. Унинг фикрича, халқаро ҳамжамият тўлиқ ядровий қуролсизланишга қаратилган саъй-ҳаракатларни фаоллаштириши ва Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартноманинг кучга киришини таъминлаши лозим.
“Қозоғистон ядровий давлатлар ўртасида юқори даражадаги мулоқотни қайта тиклашга ҳамда ядровий қуролни қўллаш ва синовдан ўтказиш таҳдидини бартараф этишга қаратилган янада қатъий кўп томонлама чоралар кўришга чақиради. Ушбу глобал саъй-ҳаракатларда Қозоғистон ва Япония ўзига хос маънавий нуфузга эга. Давлатларимиз биргаликда келишмовчиликларни юмшатиши ва ядровий давлатлар консенсусга эришишда қийналаётган ҳолатларда прагматик етакчиликни намоён этиши мумкин”, дейди Қосим-Жомарт Тўқаев.
Маълумот учун, 1949 йилдан 1989 йилгача Қозоғистондаги Семипалатинск полигонида СССР томонидан ядровий синовлар ўтказилган. Бу давр мобайнида 450 дан ортиқ ерусти ва ерости портлашлари амалга оширилган. Синовлар оқибатида жиддий радиацион ифлосланиш юзага келган ва яқин ҳудудларда яшовчи юз минглаб аҳолининг саломатлигига салбий таъсир кўрсатган. 1991 йил 29 августда полигон расман ёпилган ва Қозоғистон ядровий қуролдан ихтиёрий равишда воз кечган илк давлатлардан бирига айланган.
Эслатиб ўтамиз, Қосим-Жомарт Тўқаев Халқаро ядровий синовларга қарши кураш кунида ядро қуролини синаш оқибатида Қозоғистон халқи бошидан кечирган оғир оқибатларни эслатиб ўтган эди.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь