Анъанавий ҳадя: Тўқаев Димашга този ит совға қилди
Маданият-санъат
−
06 Ноябрь 2023
8407Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев машҳур хонанда Димаш Худойбергенга този итини совға қилди. Бу ҳақда қўшиқчининг ўзи Instagramдаги саҳифасида маълум қилди.
“Дўстлар, танишинг, бу менинг янги дўстим. Табиат мўъжизаси, яъни този кучукчасини менга Қосим-Жомарт Кемелевич совға қилган. Тозилар – миллатимизнинг қадрияти, аждодларимиздан мерос “етти хазина”дан бири. Ҳозирда Қозоғистонда итларнинг ноёб зотларини сақлашга катта эътибор берилаётганидан хурсандман. Чунки бу зот ўзига хос гўзаллиги, вазминлиги ва кузатишларимга кўра, жуда ақллилиги билан ҳам ажралиб туради”, деб ёзган Димаш Худойберген.
Шунингдек, хонанда Қозоғистон Президентига совға учун миннатдорлик билдирган.
“Ота-боболаримиз тозиларни ҳурмат қилган ва севган. Бу ит уйга бемалол кириши мумкин эди, демак у тоза бўлган. "Този" номи форс тилидан олинган бўлиб, "тезкор, эпчил" деган маънони англатади. Бундай бебаҳо туҳфа учун Президентимизга раҳмат айтаман! Биз итга “Ғарышкер” (“космонавт”) деб ном қўйдик”, дея қўшимча қилган Димаш Худойберген.
Маълумот учун, Димаш Худойберген 1994 йил 24 майда Қозоғистоннинг Актобе шаҳрида қўшиқчилар оиласида туғилган. У болалигидан турли танловларда қўшиқ куйлаган ва пианино чалган. У 2015 йилда Беларуснинг Витебск шаҳрида бўлиб ўтган “Славян бозори” Гран-приси ғолибига айланиб, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда катта шуҳрат қозонган.
Димаш Худойберген Хитойда 2017 йил 21 январдан 22 апрелгача ҳар ҳафта эфирга узатиладиган машҳур “Singer 2017” телекўрсатувидаги иштироки билан ҳам машҳур. Таниқли хонандалар иштирокида ўтказилган танловда у иккинчи ўринни эгаллаган. 2017 йилда Димаш бир қанча мусиқий мукофотларга ҳам сазовор бўлди, жумладан, China Music Awards маросимида “Энг яхши Осиё қўшиқчиси” (Grammy’нинг хитойчаси) ва Tencent MTV Asia Music Gala’да “Энг машҳур хорижий хонанда” мукофотларини қўлга киритди.
Димаш 7 октава, 8 ярим тондан иборат кенг овоз диапазонига эга. Унинг овози бас регистридан тортиб, колатура сопрано ва ҳуштак регистрининг энг юқори ноталарига қадар давом этади. Академик опера қўшиқчилиги жанри бўйича ўқишни тугатганидан сўнг, “Остона Опера” давлат опера ва балет театрига ишга таклиф қилинганига қарамай, Димаш анъанавий қозоқ мусиқаси ва поп мусиқа каби классик элементлардан фойдаланган ҳолда, замонавий мусиқа соҳасида фаолият юритмоқда.
У 2019 йилда “Қозоғистонда хизмат кўрсатган ходим”, 2023 йилнинг октябрь ойида эса “Қозоғистон халқ артисти” унвонини олган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов Туркия етакчиси Ражаб Тойиб Эрдўғанга "Гардаш" (туркманчадан “қариндош” деб таржима қилинади) лақабли туркман алабай кучукчасини совға қилган, бунга жавобан Эрдўған Бердимуҳамедовга икки турк кангал кучукчасини ҳадя қилганди.