Цемент солинган қоплар ичидан қарийб 10 кг “опий” топилди
3-саҳифа
−
25 Январь
7455Цемент солинган қоплар ичида қарийб 10 кг “опий” наркотик моддаси борлиги маълум бўлди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Божхона органлари ходимларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор тадбирда, Самарқанд шаҳридан Урганч шаҳрига цемент маҳсулотлари олиб келган юк автомашинаси тўхтатилиб, кўздан кечирилган.
Автомашинадаги цемент маҳсулотлари солинган қоплар ичига яшириб қўйилган 10 дона ўрамда 9 кг 754 гр “опий” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Маълум бўлишича, Ургут туманида яшовчи, 1971 йилда туғилган муқаддам гиёҳванд моддалар савдоси билан боғлиқ жиноятлари учун 3 маротаба судланган шахс юк автомашинасини буюртма қилиб, цемент маҳсулотлари ниқоби остида, ушбу моддани Хоразмга сотиш учун олиб келган.
Мазкур наркотик моддалар Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан келтирилгани айтилмоқда. Ҳозирда ДХХ Хоразм вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан мазкур шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 28, 246-моддаси 2-қисми ва 25, 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.