Трампнинг рейтинги президентлик давридаги энг паст даражага тушди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг рейтинги 33 фоизгача тушиб кетди. Бу унинг амалдаги президентлик давридаги энг паст кўрсаткичи бўлди. Бу ҳақда Reuters/Ipsos томонидан ўтказилган сўровнома натижаларига таяниб, “Reuters” хабар берди.

Маълум қилинишича, кеча, 17 август куни якунланган сўровда респондентларнинг 64 фоизи Трамп фаолиятини маъқулламаслигини билдирган. Президент рейтинги эса ой бошидаги 35 фоиздан 33 фоизга тушган.

Қайд этилишича, рейтингнинг пасайишига АҚШнинг Эрон билан можарога аралашуви ва бунинг ортидан юзага келган иқтисодий оқибатлар сабаб бўлган. Можаро фонида нефть бозори издан чиққан, бензин нархлари ошган ва бу америкаликлар кайфиятига таъсир кўрсатгани айтилмоқда.

Сўров натижаларига кўра, америкаликларнинг 80 фоизи АҚШнинг Эрон билан боғлиқ можародаги иштироки узоқ давом этади деб ҳисоблайди. Фақат 16 фоиз респондент уруш бир неча ҳафта ичида якунланишига ишонишини билдирган.

Шунингдек, респондентларнинг атиги 20 фоизи Эрон билан боғлиқ уруш ўзини оқлаган деб ҳисоблаган. Иқтисодий масалаларда эса сайловчилар Демократик партияга кўпроқ ишонч билдирмоқда. Сўровда қатнашганларнинг 38 фоизи иқтисодиётни бошқаришда демократларни, 35 фоизи эса республикачиларни афзал кўрган.

Reuters/Ipsos сўрови АҚШ бўйлаб 1 166 нафар вояга етган фуқаро ўртасида ўтказилган. Қайд этилишича, сўровномадаги хатолик даражаси 3 фоизни ташкил этади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Америка Президенти Дональд Трамп учинчи муддатга АҚШ Президенти лавозимига номзодини қўйишни хоҳлашини айтганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг