Трампнинг қудрати Қатар ва Польшада жиддий синовдан ўтяпти
Олам
−
10 Сентябрь 9887 8 дақиқа
Агар АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Исроилнинг Қатардаги тураржой ҳудудида ҲАМАС амалдорларига қилинган ҳужумига тўсқинлик қила олмагани ҳақидаги даъвоси ҳақиқат бўлса, у ўз халқаро ишончлилигига яна бир оғир зарба олди. Бу ҳақда CNN ёзмоқда.
Исроил Қатарга 9 сентябрь куни амалга оширган ҳужумда беш нафар ҲАМАС аъзоси ҳалок бўлди, аммо АҚШнинг Ғазода янги ўт очишни тўхтатиш режаси бўйича музокара қилаётган асосий делегация жабр кўрмади. Трамп шошилинч равишда тушунтириш бериб, бу унинг қарори эмаслиги ва у бу ҳақда хабар топиши биланоқ Қатарга маълум қилганини айтди.
“Мен бу вазиятдан мамнун эмасман. Бу яхши ҳолат эмас… биз бундай жараёндан мамнун эмасмиз” деди Трамп кеча Вашингтондаги стейк-хаусда кечки овқатга йўл олган пайтида.
Бу эса Трамп учун камёб ҳолдаги паст овоздаги баёнот эди. Исроил АҚШнинг муҳим манфаатларини ҳисобга олмасдан амалга оширган ҳужум Трамп учун навбатдаги шармандалик бўлди. Бундай ҳолат Трамп Россия Президенти Владимир Путин билан Аляскадаги саммитдан кейин ҳам юз берганди. Ўшанда кулумсираб суратга тушган Путин ортга қайтгач, Украинада фуқароларга ҳужумларни кучайтирди. Бугун, 10 сентябрь куни эса Польша Россиянинг Украинага қилган ҳаво ҳужуми давомида ўз ҳаво ҳудудини бузган дронларни уриб туширганини маълум қилди.
НАТО Бош котиби Марк Рютте буни “бутунлай масъулиятсизлик” деб атади ва “бу ягона ҳолат эмас”лигини таъкидлади. Унга кўра, НАТО ўз ҳудудининг ҳар бир қаричини ҳимоя қилади.
Трамп эса, ўз навбатида, глобал тинчликпарвар бўлиш истагида самимий туюлади. Агар у муваффақиятга эришса, кўплаб инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиши ва муҳим мерос қолдириши мумкин. У январда Оқ уйга қайтганида Украина ва Ғазодаги урушларни тезда тугатишга ваъда берганди. Аммо саккиз ой ўтиб, иккала уруш ҳам янада қонли тус олди. Путин, Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди эса Трампни очиқчасига инкор этмоқда.
Яқин Шарқдаги воқеалар Трампнинг ички сиёсий обрўсига катта таъсир кўрсатмаслиги мумкин, чунки у бу ерда жиноятчиликка қарши кураш билан чиқиш қилмоқда. Аммо Доҳадаги ҳужум – худди Путиннинг тажовузлари каби – Трампнинг хорижда қўрқув солувчи “қаттиққўл етакчи” сифатида кўрсатиш образини вайрон қилиши мумкин. Чунки бу ҳужум АҚШнинг энг муҳим иттифоқчиларидан бири – Қатарнинг суверенитетини очиқдан-очиқ поймол қилди. Қатар эса Ғазода ўт очишни тўхтатиш режаси бўйича музокараларни айнан Оқ уйнинг илтимоси билан олиб бораётган эди.
Бу нафақат Трамп учун шахсий ҳақорат, балки АҚШнинг хавфсизлик манфаатлари устидан Нетаньяҳунинг мақсадларини устун қўйиш бўлди. CNN’нинг хабар беришича, Оқ уйда айрим амалдорлар қаттиқ ғазабга тушган, чунки ҳужум Нетаньяҳунинг маслаҳатчиси Рон Дермер 8 сентябрь куни Трампнинг элчиси Стив Уиткофф билан учрашганидан кейин рўй берган, аммо учрашувда бу ҳақда ҳеч қандай ишора қилинмаган.
“Ҳужумлар ўт очишни тўхтатиш музокараларининг жуда нозик пайтида рўй берди. Президент ва унинг элчиси Уиткофф Президентнинг мақсади тўлиқ ўт очиш тўхтатилиши, барча гаровдагилар озод қилиниши ва уруш тугатилишини аниқ айтган эди”, дейди АҚШнинг собиқ элчиси Эдвард Жерейян.
Унинг сўзларига кўра, “Исроил АҚШнинг миллий хавфсизлик манфаатларига кўп эътибор қаратмаётгандек” кўринмоқда.
АҚШ ташқи сиёсати учун катта оқибатлар
Қатарга ҳужум Ғазо урушига сиёсий ечим орқали барҳам бериш умидини йўққа чиқариши мумкин. Бу эса қолган исроиллик гаровдагилар учун ҳам дахшатли оқибатларга олиб келиши эҳтимоли йўқ эмас.
Шу билан бирга, бу ҳолат Исроил Бош вазири учун муҳим бир нарсани кўрсатди: у гаровдагилар эмас, балки ҲАМАСни бутунлай йўқ қилишни асосий мақсад қилиб олган. Бу эса амалда имконсиз вазифа бўлиши мумкин.
АҚШ учун оқибатлар:
- Бу воқеа Трамп ва Нетаньяҳу муносабатларини издан чиқариши ва икки иттифоқчи давлат ўртасида ишончсизлик туғдириши мумкин.
- Бу Трампнинг “нейтрал воситачи” сифатидаги нуфузини йўққа чиқариши ва Қатарни музокаралардан четга чиқишга мажбур қилиши мумкин. Қатар Бош вазири ҳужумни “давлат терроризми” деб атаган.
- Қатар ўзини АҚШ дипломатик манфаатлари учун йиллар давомида хизмат қилган давлат сифатида кўрарди. Ҳужум эса улар учун хиёнат сифатида қабул қилиниши мумкин.
- Бу ҳолат Трампнинг шахсий ва сиёсий манфаатларига ҳам Яқин Шарқда салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
- Иброҳим келишувларини кенгайтириш режаси – Трампнинг Нобель тинчлик мукофотига даъвоси – энди янада узоқлашди.
- Яқин Шарқ минтақасидаги бошқа давлатлар ҳам “Исроил Қатарда бундай қила олса, эртага бизга ҳам ҳужум қилмасмикин?” деган савол қўя бошлайди.
“Исроилликлар бу ҳужумни амалга оширгани жуда катта хато бўлди. Нетаньяху АҚШ стандартлари бўйича ҳам жуда узоқ вақтдан бери ҳокимиятда. Вақт ўтиши билан у хоҳлаган ишини қила олади, деган ишончга кирди” дейди НАТОнинг собиқ олий қўмондони, адмирал Жеймс Ставридис.
Биз мустақил ҳаракат қилдик – Исроил
Кўплаб америкалик таҳлилчиларнинг фикрича, АҚШнинг тинчлик режаси муҳокама қилинаётган пайтда музокарачиларга қаратилган ҳужум – Нетаньяху урушни чўзишни исташининг янги исботи. Бош вазир 2023 йил 7 октябрда ҲАМАС томонидан амалга оширилган ҳужумдан кейинги хавфсизлик нуқсонлари юзасидан ўтказилиши керак бўлган терговларни кечиктира олди. Шу билан бирга, шахсий ҳуқуқий муаммоларини ҳам ҳокимиятда қолиш орқали орқага суриб турибди.
Исроилнинг асосий изоҳи шундай: у “террористлар етакчиларини қаерда бўлишидан қатъи назар таъқиб қилади.” Нетаньяху минтақанинг турли нуқталарида уруш олиб борди ва Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”, Ямандаги ҳусийлар ва Эронга қарши вайронкор ҳужумлар ўтказди.
“Террор етакчилари исталган жойда иммунитетдан баҳраманд бўладиган кунлар тугади”, деди Бош вазир.
Кўплаб исроилликлар 7 октябрь ҳужумларини нафақат Исроилга зарба, балки Холокостдан бери яҳудийларни йўқ қилишга қилинган энг даҳшатли уриниш деб ҳисоблайди. Бироқ уларнинг кўпчилиги энди Нетаньяху Ғазода олиб бораётган тотал урушига қарши ва гаровдагиларни келишув орқали қайтариш тарафдори.
Нетаньяху ҳужумни “бутунлай мустақил Исроил операция” деб эълон қилишда шошилди – бу билан у Трампга дипломатик ниқоб беришни истади. Аммо Яқин Шарқда турли тўқималар ва фитналарга ишониш одатий ҳол. АҚШнинг “ҳеч нарсадан хабарсиз эдик” деган баёнотлари ишончли қабул қилинмайди, чунки Исроил ҳужумга 10 та жанговор самолёт ва уларнинг ўқ-дориларини (эҳтимол, америкалик ишлаб чиқарилган F-35’лар) тайёрлаб қўйган эди.
Баъзилар Трамп бу ҳужумга яширин розилик берганми ёки камида кўз юмиб қўйганми, деб шубҳа қилади.
Оқ уй эса шундай деди: Қатардаги америкалик ҳарбийлар ҳужум ҳақида Трампни огоҳлантирган ва у элчи Уиткоффга Қатар ҳукуматини хабардор қилишни буюрган. Бироқ Қатар ҳукумати уларга хабар берилганида ҳужум аллақачон тугаган, пойтахтда эса қўрқув тарқалган эди.
Оқ уйнинг шошилинч вазиятни юмшатиш ҳаракатлари Трампнинг “мен ҳеч нарса қила олмасдим” деган даъвосини бироз мустаҳкамлади.
“Қатарда, суверен давлат ва АҚШнинг яқин иттифоқчисини бундай бир томонлама бомбардимон қилиш – у тинчлик учун биз билан бирга жасорат билан хавфга қўл ураётган бир пайтда – Исроилнинг ҳам, Американинг ҳам мақсадларига хизмат қилмайди”, деди Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт.
Бу Трамп маъмуриятидан Исроилга нисбатан камёб танқидлардан бири бўлди.
Президент Трамп кейинчалик Truth Social’да: “Бу қарорни мен эмас, Бош вазир Нетаньяҳу қабул қилди,” деб ёзди. Шу билан бирга, у Давлат котиби Марко Рубиога Қатар билан мудофаа ҳамкорлик шартномасини якунлаш топшириғини берганини ҳам билдирди.
Трампнинг янги Air Force One’и масалани мураккаблаштирмоқда
Геосиёсий жиҳатдан Президентнинг сўзларига ишониш мумкин. Бироқ бу ерда мураккаблик бор: Трамп бу йил бошида Қатардан Air Force One сифатида хизмат қилиши учун Boeing 747 қабул қилган. Бу эса олдинги президентлик одатларига зид. Шу сабабли америкаликларни Трамп бу масалада шахсий миннатдорлигини эмас, балки мамлакатнинг ҳаётий хавфсизлик манфаатларини ҳисобга олаётганига ишонтириш қийин бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, Трампнинг Қатар билан ишончини тиклаш учун жиддий ҳаракатлар керак бўлади.
Доҳада чўл ҳудудида жойлашган АҚШнинг энг катта базаси – Ал Удейд – мавжудлигига қарамай, Қатар суверенитети шундай шармандали бузилишига тўсқинлик қилолмади. Бу ҳолат бошқа Кўрфаз давлатлари ва дунё бўйлаб АҚШ иттифоқчилари учун ҳам савол туғдиради: АҚШнинг хавфсизлик кафолатлари ҳақиқатдан ҳам ишончлими?
Нуфуз йўқотилиши
Қатардаги ҳужум Яқин Шарқдаги кенг тарқалган ишончни янада мустаҳкамлади: Трамп Нетаньяху устидан таъсирга эга эмас. АҚШнинг Исроилга қаратилган мудофаа сотувлари ва унинг ҳимоясидаги муҳим ролига қарамай, бу ҳолат Трампнинг таъсирсизлигини кўрсатди.
9 сентябрь куни Оқ уйдан Исроил етакчисига нисбатан ҳеч қандай жазо чоралари ҳақида гапирилмади.
Энг жиддийси – Трампнинг янги тинчлик режаси шубҳа остига қўйилди. Унда ҲАМАС гаровдагиларни озод қилади, эвазига ўт очиш тўхтатилади, деган режа бор эди. Трамп эса ҲАМАСга кафолат берарди: Исроил келишувга амал қилади. Аммо Доҳага куппа кундуз куни қилинган ҳужум бу ваъдани хом гап қилиб кўрсатди.
Шу билан яна Трампнинг “тинчлик президенти” сифатидаги даъвоси савол остида қолди. Унинг ташқи сиёсат жамоаси эса шафқатсиз халқаро етакчиларни тушунишда жиддий ожизлигини кўрсатиб қўйди.
Live
Барчаси