Трампнинг Ғазо бўйича 21 бандли режаси эълон қилинди

Олам

image

Кеча, 28 сентябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Ғазо бўйича 21 банддан иборат тинчлик режасини эълон қилди. Унда ҲАМАС қўлида бўлган барча гаровдагилар келишув имзоланганидан 48 соат ўтмасдан озод этилиши ва уруш тугагач, Ғазо учун йўл харитаси ишлаб чиқилиши назарда тутилган. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, CNN хабар берди.

Бир қатор Америка ва Исроил нашрлари Трампнинг Ғазодаги урушни тугатиш, секторни тиклаш ва келажакда Фаластин давлати тузилишига тайёргарлик кўришга қаратилган 21 банддан иборат режасининг тафсилотларини ошкор қилди.

Режанинг асосий бандлари:

  1. Ғазони “экстремизм ва терроризм”дан холи ҳудудга айлантириш;
  2. Секторнинг тўлиқ тикланиши;
  3. Урушни томонлар келишуви асосида якунлаш ва Исроил қўшинларини аста-секин Ғазодан олиб чиқиш;
  4. Исроил келишувга тайёрлигини тасдиқлаганидан сўнг 48 соат ичида барча гаровдагилар ва ҳалок бўлганларнинг жасадларини қайтариш;
  5. Умрбод қамоққа ҳукм қилинган юзлаб фаластинлик маҳбусларни ва уруш бошланганидан бери ҳибсга олинган мингдан ортиқ кишини озод қилиш, шунингдек юзлаб фаластинликларнинг жасадларини топшириш;
  6. Ғазодан чиқиб кетишни хоҳловчи ҲАМАС аъзоларига шартли афв;
  7. Ҳар куни камида 600 та юк машинасида гуманитар ёрдамни Ғазога киритиш, инфратузилмани тиклаш ва вайроналарни тозалаш техникасини етказиш;
  8. Ёрдамни БМТ, Қизил Ярим Ой ва нейтрал халқаро ташкилотлар орқали, томонлар аралашувисиз тақсимлаш;
  9. Ғазони вақтинчалик муваққат ҳукуматидаги фаластинлик технократлар бошқаради, улар АҚШ бошчилигидаги халқаро орган назоратида бўлади, араб ва европалик ҳамкорлар иштирок этади;
  10. Сектор учун иқтисодий тикланиш режаси ишлаб чиқилади;
  11. Солиқ ва божхона имтиёзларига эга иқтисодий зона ташкил этиш;
  12. Фаластинликларни мажбуран кўчиришни тақиқлаш;
  13. ҲАМАСни қуролсизлантириш ва унинг ҳукмронлигини йўқ қилиш;
  14. Минтақавий давлатлар томонидан хавфсизлик кафолатларини бериш;
  15. АҚШ ва араб давлатлари бошчилигида вақтинчалик халқаро барқарорлаштириш тузилмаси тузилиб, у хавфсизликни назорат қилади ва маҳаллий полицияни тайёрлайди;
  16. Исроил қўшинларини босқичма-босқич олиб чиқиш;
  17. ҲАМАС ҳамкорлик қилмаса ҳам режани қисман амалга ошириш имконияти;
  18. Исроилнинг Қатарга зарба бермаслик мажбурияти;
  19. Экстремистик мафкурани нейтраллаштириш дастурларини йўлга қўйиш;
  20. Келажакда Фаластин давлати тузилишига тайёргарлик кўриш;
  21. Исроил ва фаластинликлар ўртасида кенг сиёсий мулоқотни йўлга қўйиш.

Қайд этиш жоиз, жорий йилнинг 26 сентябрь куни Трамп Ғазода ўт очишни тўхтатиш бўйича “интенсив музокаралар” олиб борилаётганини эълон қилган ва улар муваффақиятли келишув бўлмагунча давом этишини билдирган.

“Хурсандчилик билан айтаман. Биз Яқин Шарқ ҳамжамияти билан Ғазо масаласида илҳомлантирувчи ва жуда конструктив муҳокамалар олиб бормоқдамиз. Ҳамма бу ўлим ва зулмат даврини ортда қолдириш истиқболидан ҳаяжонда. Биз гаровдагиларни қайтариб олишимиз ва мустаҳкам тинчликка эришишимиз керак”, деб ёзган АҚШ Президенти ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги саҳифасида.

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху эса Фаластин давлатини тузиш ҳақидаги бандларга кескин қарши чиқиши кутилмоқда. У илгари Ғарб давлатларининг Фаластинни тан олиш қадамларини “исроилликларга қарши зўравонликни рағбатлантириш” ва “ҲАМАСни мукофотлаш” деб баҳолаган ҳамда Фаластин давлати тузилишига йўл қўймаслигини бир неча бор таъкидлаганди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Япония, Саудия Арабистони, Испания ва Буюк Британия билан бирга жами 12 давлат Фаластин маъмуриятининг молиявий барқарорлигини таъминлаш учун коалиция тузгани ҳақида хабар берилган эди. Коалиция аъзоларининг аксарияти аллақачон катта миқдорда молиявий ҳисса қўшган ва маъмуриятни доимий қўллаб-қувватлашга ваъда берган.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Фаластин Исроил Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг