Трампнинг бож тарифлари Канада иқтисодиётини таназзулга учратиши мумкин – ОАВ

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Канададан импорт қилинадиган маҳсулотларга бож жорий этиш қарори ушбу мамлакат иқтисодиётини таназзулга олиб бориши, ҳатто уч йилгача иқтисодий ўсишни йўққа чиқариши мумкин. Бу ҳақда Royal Bank of Canada ҳисоботига ва таҳлилчиларнинг прогнозларига асосланиб, “The Globe and Mail” газетаси хабар берди.

Мутахассисларнинг баҳолашича, АҚШ ва Канада ўртасидаги бўлажак бож тарифлари уруши икки давлат савдо муносабатлари учун 1930 йиллардан бери энг катта зарба бўлиши мумкин. Шунингдек, иқтисодчилар ишсизлик даражаси ҳозирги 6,7 фоиздан яна 2-3 фоиз пунктга ошиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Бундай ҳолатда бу кўрсаткич 2020 йил кузидаги пандемия локдауни давридаги даражага етади.

Bank of Montreal бош иқтисодчиси Дуг Портернинг фикрича, 2025 йилда Канадада “юмшоқ турғунлик” юз бериши мумкин. RSM Canada консалтинг компанияси иқтисодчиси Ту Нгуен эса Канада иқтисодиёти 2025 йилда 2 фоиз қисқаришини тахмин қилмоқда. Агар бу прогноз амалга ошса, Трамп тарифлар жорий этишидан олдин айтилган 1,8 фоиз пасайиш прогнозидан ҳам каттароқ иқтисодий қулаш кузатилади.

“The Globe and Mail” газетасига кўра, ҳали кучга кирмаган тарифлар ҳам Канада компаниялари учун муаммолар туғдирмоқда. Хусусан, Квебекдаги йирик металл конструксиялар ишлаб чиқарувчиси Canam Group АҚШдаги қурилиш лойиҳаларида иштирок этган бўлиб, эндиликда тарифларнинг шартномаларга таъсири туфайли америкалик мижозлари билан қийин музокараларга тайёргарлик кўрмоқда. Шунингдек, Канададан импорт қилинадиган энергия ресурсларига 10 фоиз тариф қўлланилиши АҚШда бензин, дизель ва авиация ёқилғиси нархларини ошишига олиб келиши мумкин.

Канада кончилик ассоциацияси раҳбари Пьер Граттон Трамп тарифлари Шимолий Америкадаги муҳим қазилма бойликлар таъминот занжирига таҳдид солиши мумкинлигини таъкидлаган.

“Бу тарифлар минерал ресурслар ва металларнинг асосий оқимини издан чиқаради, таъминот занжирларининг заифлигини кучайтиради ва АҚШ мижозлари учун бизнес харажатларини оширади” дейди у.

Граттоннинг фикрича, Канада минераллари ва металларига бож қўллаш АҚШ миллий хавфсизлиги ва иқтисодий манфаатларига зид.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 1 февраль куни Дональд Трамп Канада, Хитой ва Мексикадан импорт қилинадиган товарларга тарифлар жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолаганди.

Ҳужжатга кўра:

  • Мексика ва Канададан импорт қилинадиган маҳсулотларга 25 фоиз бож жорий этилди;
  • Канададан импорт қилинадиган энергия ресурсларига алоҳида 10 фоиз бож белгиланди.
  • Хитой маҳсулотларига қўшимча 10 фоиз бож киритилди.

Бунга жавобан Канада ҳукумати ҳам АҚШ маҳсулотларига 25 фоиз бож жорий этди. Бу чоралар 106,5 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги импортни қамраб олади. Бош вазир Жастин Трюдо Оттава АҚШга муҳим минераллар ва энергетика соҳасида қўшимча чеклов чораларини кўриб чиқаётганини ҳам таъкидлаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Трамп Канада

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг