Трампга ишониш: ҲАМАС нега таваккал қилди?
Таҳлил
−
11 Октябрь 2025 5749 7 дақиқа
ҲАМАС Дональд Трампни ирқчи, “хаос учун рецепт” ва Ғазо учун абсурд ғояга эга инсон деб атаган. Бироқ ўтган ойда содир бўлган ноодатий телефон мулоқотидан сўнг, ҲАМАС АҚШ Президентига ишониш мумкин деган фикрга келди. Бу ҳақда беш фаластинлик манба (уч нафари ҲАМАСдан)га таяниб, “Reuters” агентлиги ёзди.
Гап, ўша пайтда кенг ёритилган, Трамп Оқ уйдаги учрашувдан сўнг Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхуни Қатар Бош вазири билан гаплаштириб, Доҳадаги ҲАМАС сиёсий раҳбарлари жойлашган тураржой мажмуасига қилинган Исроил ҳужуми учун узр сўрашга мажбур қилгани ҳақида кетмоқда.
Қатардаги бу бомбардимон ҳужумида ҲАМАС етакчилари, жумладан бош музокарачи Холил ал-Ҳайя нобуд бўлмади. Трампнинг шу вазиятни бошқариш услуби эса ҲАМАСда унга нисбатан ишонч уйғотди – яъни у Нетаньяхуга қарши тура олади ва Ғазодаги урушни тугатишга жиддий ёндашмоқда, деган қараш пайдо бўлди.
Энди эса, 8 октябрь куни Трамп воситачилигидаги оташкесимни имзолаган ҲАМАС, шу инсон сўзига яна ишонч билдирди – гарчи у шу йилнинг ўзида фаластинликларни Ғазодан чиқариш ва уни АҚШ назоратидаги денгиз курортига айлантиришни таклиф қилган бўлса ҳам.
Кеча, 10 октябрь куни кучга кирган келишувга кўра, ҲАМАС Исроилнинг тўлиқ чиқиб кетишига доир кафолатларсиз гаровдагиларни озод қилишга рози бўлди. Яна икки фаластинлик манбаага кўра, бу катта таваккал бўлиб, у келишувга шу қадар кўнгил қўйган Трамп уни ишлатмай қолдирмайди, деган умидга таянади.
“ҲАМАС етакчилари бу таваккал ортга қайтиши мумкинлигини яхши билади”, деди манбалардан бири. Улар қўрқадики, гаровдагилар озод этилгандан сўнг Исроил қайтадан ҳарбий амалиётларни бошлаши мумкин – январь ойидаги оташкесимдан кейин бўлгани каби, ўшанда ҳам Трамп жамоаси фаол иштирок этган эди.
Бироқ Шарм ал-Шайхда Қизил денгиз бўйида Исроил билан билвосита музокаралар учун йиғилган ҲАМАС вакиллари, Трампнинг яқин одамлари ва минтақадаги нуфузли араб воситачиларининг иштирокини кўриб, ўз талабларининг кўп қисми ҳал этилмаганига қарамай, оташкесимга имзо чекди – жумладан Фаластин давлати масаласи ҳам очиқ қолди.
“Трампнинг фаол иштироки “аниқ сезилди”, деди ҳодисада қатнашган ҲАМАС амалдорларидан бири.
Юқори мартабали АҚШ расмийси марафон тарздаги музокаралар давомида Трамп шахсан уч марта қўнғироқ қилган, деб тасдиқлади. Унинг куёви Жаред Кушнер ва ёрдамчиси Стив Уиткофф эса Исроил ва Қатар вакиллари ўртасида қатнаётган эди.
Кейинги босқичлар учун кафолат йўқ
Урушга барҳам бериш йўлини очиши мумкин бўлса-да, Трампнинг 20 банддан иборат Ғазо режасида кўзда тутилган кейинги босқичлар амалга ошишига ҳеч қандай кафолат йўқ.
Бироқ Трампнинг ҳам Қатардаги зарбалар, ҳам июнь ойида Исроил ва Эрон ўртасидаги 12 кунлик урушни тўхтатган оташкесимни бошқариши ҲАМАС делегациясига АҚШ Президенти гаровдагилар озод этилган захоти Исроилни урушни қайта бошлашга қўйиб бериб қўймайди, деган ишонч берди.
Вашингтондаги вазиятдан хабардор бир манбага кўра, Трампнинг ёрдамчилари Қатарга қилинган зарбалар туфайли унинг Нетаньяхуга нисбатан ғазабини Ғаза урушига чек қўйиш учун босим воситасига айлантириш имконини кўрган. Оқ уйнинг юқори мартабали мансабдорининг айтишича, кенг ташқи ва иқтисодий сиёсий манфаатларида муҳим бўлган Форс кўрфази давлатлари билан алоқаларни ривожлантирган Трамп Қатар Амирини шахсий дўст ҳисоблайди ва у телевидениеда зарба тасвирларини кўришдан норози бўлган. У бу зарбани “Араб дунёси бирлашишига олиб келган муҳим бурилиш нуқтаси” деб атаган.
Ғазодаги музокаралар ва воситачилик жараёнидан хабардор фаластинлик амалдор Трампнинг омма олдида Қатарга қарши бундай Исроил ҳужумлари қайта такрорланмаслиги ҳақидаги ваъдаси унинг обрўсини ҲАМАС ва минтақадаги бошқа иштирокчилар кўз ўнгида оширганини айтди.
“У Қатарга Исроил уларга яна ҳужум қилмаслиги бўйича хавфсизлик кафолати бергани – ҲАМАСнинг оташкесимга ишончини оширди”, деди Исроилдаги Бар-Илан университетининг сиёсий тадқиқотлар бўлими вакили Жонатан Райнҳолд.
Ғазодаги фаластинлик манбага кўра, ҲАМАС Трампнинг Эрон ва Исроилга жангни тўхтатиш ҳақида берган очиқ буйруғини ҳам ёдда тутган. У айниқса Трампнинг Эронга бомба ташлаш режаси эълон қилинганидан бир неча соат ўтиб эълон қилинган Truth Social’даги “Исроил самолётлари орқага қайтиб, уйига қайтсин” деган талаби муҳим бўлганини таъкидлади.
“У саҳнавий харакатлар қилса-да, айтганини қилади. Бу эса Исроилни оташкесимга риоя қилишга мажбур қила олишини кўрсатди”, деди манба.
7 октябрда музокаралар боши берк кўчада эди
Трамп ўзининг умумий режасини 29 сентябрь куни, Нетаньяхунинг Оқ уйга ташрифи пайтида эълон қилди ва ҲАМАС тўрт кун ўтиб унга шартли розилик берди – буни АҚШ Президенти “яшил чироқ” сифатида қабул қилди.
Бироқ музокаралар жорий йил 7 октябрь кунига қадар ҳам режани қандай амалга ошириш масаласида боши берк кўчага кириб қолгани кўриниб турган эди. Музокаралардан хабардор манбанинг айтишича, баҳс асосан Исроил қўшинлари Ғазодан қай даражада тез ва қай масофагача чекиниши кераклиги устида тўхтаб қолган эди – бу ҲАМАСга гаровдагиларни йиғиб, озод қилиш имкониятини бериш учун зарур эди. Қатар, Миср ва Туркия воситачилари жараённи силжита олмаган. Муаммони ечиш учун Қатар Бош вазири Шайх Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний 7 октябрь куни Шарм-ал-Шайхка шахсан боришга қарор қилди. Шу билан бирга, Уиткофф ва Кушнер 8 октябрь куни тонгда етиб борди ва музокаралар туш атрофида бошланди.
НАТОга аъзо Туркиянинг разведка раҳбари Иброҳим Калиннинг иштирок этиши ҳам муҳим бўлди, чунки Анқара ҲАМАС билан кучли алоқаларга эга. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған яқинда Трамп билан учрашганда АҚШ етакчиси ундан ҲАМАСни режани қабул қилишга ишонтиришда ёрдам сўраганини айтганди.
Икки йил давомида ҲАМАС шундай талаб қилиб келди: гаровдагилар фақат Исроил тўлиқ чекиниб, урушга ниҳоя берган тақдирда озод этилади. Исроил эса уруш фақат барча гаровдагилар қайтарилиб, ҲАМАС йўқ қилинганидан сўнг тўхтайди, деб келди. Бирорта томон ҳам ўз шартларини тўлиқ ўтказа олмади: Исроил ҳозирча Ғазонинг ярмида қолади, ҲАМАС эса ташкилот сифатида сақланиб қолади.
“Трамп режасидаги муҳим талаб – ҲАМАСнинг қуролдaн воз кечиши – кейинги босқичга қолдирилди. Аммо айнан шу вазият – иккала томон яна натижа излаётган шароит – келгуси музокараларни олға силжитишда хизмат қилиши мумкин”, деди жараёндан хабардор манбалардан бири.
АҚШнинг юқори мартабали расмийси ва Ғазодаги фаластинлик амалдорнинг айтишича, музокаралар чоғида муҳим ҳолат шунда бўлганки, воситачилар ҲАМАСни гаровдагиларни ушлаб туриш энди унинг кучи эмас, балки унинг вазифасига айланганига ишонтиришга муваффақ бўлган.
ҲАМАС шундай хулосага келдики, гаровдагиларни ушлаб туриш фаластинликлар манфаатига қарши ишламоқда ва уларсиз Исроил урушни қайта бошлаш учун асоссиз қолади. Бироқ гуруҳ бирор ёзма кафолат олгани йўқ, яъни биринчи босқичда (гаровдагилар озод қилиниши, Исроил қўшинларининг қисман чекиниши ва жанглар тўхташи) кенг миқёсли урушни тугатувчи келишувга ўтилишини таъминловчи аниқ механизмлар мавжуд эмас. ҲАМАС фақат АҚШ ва воситачи давлатлар – Миср, Қатар ва Туркия – томонидан берилган оғзаки ишончга суянмоқда.
“Трамп бу келишувни охиригача етказади ва гаровдагилар озод қилингач, Исроилга урушни қайта бошлашга йўл қўймайди. Биз учун бу келишув урушни тугатади”, деди ҲАМАС амалдорларидан бири.
Хавфли қадам акс таъсир қилиши ҳам мумкин
ҲАМАС раҳбарлари яхши англайдики, улар танлаган бу таваккалчилик ўйини акс таъсир ҳам бериши мумкин.
Январь ойидаги оташкесимдан кейин босқичма-босқич гаровдагиларни озод этиш ва Исроил қўшинларининг чекиниши режасига қарамай, Трамп жараён ўрталарида тўсатдан: агар ҲАМАС барча асирларни бир йўла озод этмаса, келишувни бекор қилиб, “дўзах эшикларини очиб юбораман”, деб баёнот берган эди.
Шундан бир неча ҳафта ўтиб, келишув бузилди ва уруш яна авж олди. Ғазо соғлиқни сақлаш органларига кўра, бунинг оқибатида яна 16 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроил томони ёрдамни эмбарго қилди ва дунё бўйлаб очлик кузатувчилари анклавда очарчилик борлигини эълон қилди.
Бир минтақавий дипломат айтганидек, агар ҲАМАС ёки унинг иттифоқчилари Исроилга қарата ракета ҳужумлари каби тажовузкор ҳаракатлар қилса, Исроил вазиятдан фойдаланиб, гуруҳга зарбаларни давом эттириш васвасасига тушиши мумкин.
“Шунга қарамай, бу сафарги ҳолат аввалги оташкесимдан фарқли туюлди”, деди ҲАМАС амалдорларидан бири.
Унинг сўзларига кўра, бу гал исроилликлар келишувга жиддий ёндашган ва Миср, Қатар, Туркия ҳамда америкаликлар икки томонга ҳам кучли босим ўтказган – бу эса натижа бера бошлаган.
Музокаралардан хабардор манбанинг таъкидлашича, Трампнинг 12 октябрь кунидан бошлаб Яқин Шарққа “ғалаба сафари” билан келиши ҳам келишувга риоя қилинишига хизмат қилади – ҳатто ҳал этилиши керак бўлган оғир масалалар қолган бўлса ҳам. Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг Трампга таклифи “жуда ақлли қадам” деб таърифланди.
Live
Барчаси