Трамп жамоаси Гренландияни қўшиб олиш харажатларини ҳисобламоқда – WP
Олам
−
02 Апрель
2826АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гренландияни АҚШ штати сифатида қўшиб олиш учун кутилаётган харажатлар сметасини тайёрламоқда. Бу ҳақда кеча, 1 апрель куни ўз манбаларига таяниб, “The Washington Post” газетаси хабар берди.
Нашрнинг уч манбасига кўра, АҚШ маъмурияти барча мумкин бўлган харажатларни, жумладан, оролнинг 58 минг аҳолисига давлат хизматларини кўрсатиш харажатларини ҳисобга олишга ҳаракат қилмоқда.
Шунингдек, минерал ресурсларни қазиб олишдан федерал бюджетга тушиши мумкин бўлган даромадлар таҳлили ўтказилмоқда: прогнозлар оғир об-ҳаво шароити ва оролга кириш имкони йўқлиги билан мураккаблашади.
Кўриб чиқилаётган вариантлардан бири Гренландия ҳукуматига минтақани йилига тахминан 600 миллион доллар миқдорида субсидия қиладиган Дания ҳукуматидан яхшироқ таклиф беришдир.
Трамп Гренландия АҚШга қўшилиши кераклигини бир неча бор айтган. У Дания оролдан воз кечмаса, унга юқори савдо божлари қўйиш билан таҳдид қилди. Ҳатто биринчи президентлик даврида Трамп Гренландияни сотиб олишни таклиф қилган. Дания ва Гренландия ҳукумати бу фикрни рад этган.
Гренландия автоном ҳудуд сифатида Дания таркибига киради. 1951 йилда Вашингтон ва Копенгаген ўзларининг НАТО мажбуриятларига қўшимча равишда шартнома имзолаган. Унга кўра, Қўшма Штатлар оролни агрессиядан ҳимоя қилиш мажбуриятини олди.
Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп 13 март куни Оқ уйда НАТО Бош котиби Марк Рютте билан учрашувда АҚШ Гренландияни аннексия қилишига ишончи комил эканини айтганди.
LiveБарчаси