Трамп “ядровий зина”га қадам ташлашни бошлади – ОАВ
Олам
−
02 Август 2025 8191 3 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп АҚШнинг ядро қудратига оид кескин баёнотлар беришни бошлаб, “ядровий зина”га илк қадамларни ташлади. Бу ҳақда “The Telegraph” хабар берди.
Кеча, 1 август куни Дональд Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида АҚШнинг иккита ядровий сувости кемаси Россия сувларига яқинлаштирилишини маълум қилди.
“Россия собиқ президенти, ҳозирда Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари бўлган Дмитрий Медведевнинг ниҳоятда тажовузкор баёнотларига жавобан, мен иккита ядро сувости кемасини тегишли ҳудудларга жойлаштиришни буюрдим. Эҳтимол бу тентакона гаплар шунчаки сўз бўлиб қолмаслиги мумкин. Сўзлар жуда муҳимдир ва кўпинча кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкин. Умид қиламанки, бу ҳолат ана шундайлардан бири бўлиб чиқмайди. Бу масалага эътибор қаратганингиз учун ташаккур!” деб ёзди Трамп.
АҚШ етакчиси Медведевнинг айнан қайси баёнотини назарда тутаётганини аниқлаштирмаган. Бунгача ҳам у Россия собиқ президентини огоҳлантириб, ўз сўзларига эҳтиёт бўлишини айтган эди.
Собиқ президент ва Россия ҳукуматининг собиқ раҳбари, 2020 йилдан буён ўзи учун махсус тузилган Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари лавозимини эгаллаб келаётган Дмитрий Медведев кўпинча ижтимоий тармоқларда содир бўлаётган воқеаларга изоҳ бериб, Ғарб етакчиларига ҳақоратлар ва ядро уруши бошланишига доир яширин таҳдидлар ёзади. Жорий йилнинг 30 июль куни Трамп Россиянинг Украина билан сулҳ тузиш муддатини қисқартиришини эълон қилгани муносабати билан у бундай қадамлар Россия ва АҚШ ўртасидаги урушни фақат яқинлаштиришини ёзган.
Шунингдек, Медведев Трамп тарафдори ва Россияга қарши санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳасининг ҳаммуаллифи, сенатор Линдси Гремга мурожаат қилиб, шундай деб ёзган:
“Музокаралар столига қачон ўтиришни белгилаш сизга ёки Трампга қолмади. Музокаралар ҳарбий амалиётимизнинг барча мақсадларига эришилганда якунланади. Биринчи навбатда Америка учун ишланг, боболар!”
Трамп эса кеча, 1 август куни “Newsmax” телеканалига берган интервьюсида иккита АҚШ атом сувости кемаси Россияга “яқинроқ жойлашганини” эълон қилди.
“Ҳа, улар Россияга яқинроқ жойлашган. Биз ҳар доим тайёр туришни хоҳлаймиз, шунинг учун мен минтақага иккита атом сувости кемасини юбордим”, дейди Президент.
“The Telegraph” ушбу қарорни совуқ уруш давридан бери АҚШ Президентлари томонидан очиқчасига қабул қилинган энг жиддий қадам деб атади. Нашрга кўра, ҳатто совуқ уруш чоғида ҳам бирор Президент АҚШ атом сувости кемаларини Россия сувларига яқинлаштиришини очиқламаган. Бироқ шунга қарамай, Трампнинг одатий “донкихотсимон” бошқарув услуби сабабли жамоатчилик орасида жиддий ваҳима йўқ, бу ҳолат иккинчи Кариб инқирози эмас.
Маълумот учун, Кариб инқирози 1962 йил октябрь ойида АҚШнинг Туркияда “Юпитер” ракеталарини жойлаштиргани ортидан СССР томонидан Кубада ядро қуролли ракеталарни яширинча ўрнатишга уриниши сабаб юзага келган эди. Икки давлат ўртасидаги бу инқироз тарихдаги энг хавфли ядро тўқнашуви ёқасига олиб келган бўлиб, охир-оқибат СССР раҳбари Никита Хрущёв ва АҚШ Президенти Жон Кеннеди ўртасидаги мулоқот орқали ҳал бўлган.
Live
Барчаси