Трамп ва Маск Starship космик кемаси парвозини кузатди
Олам
−
20 Ноябрь
1748АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп миллиардер Илон Маск билан бирга Starship ракетасининг парвозини учириш майдончасидан кузатди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, астронавтларни Ойга қўндириш ва экипажларни Марсга жўнатиш учун мўлжалланган, баландлиги 122 метрга яқин ракета тизими SpaceX’нинг Бока-Чикадаги майдончасидан учирилган. Парвоз режасига кўра, у космосга етиб бориши, сўнгра пастлашиб қўниши керак.
Starship парвозининг мақсади Super Heavy ракета тезлаткичини учириш майдончаси томон қайтариш, космосда Raptor кемасини қайта ишга тушириш, термал ҳимоя ва Ерга қайтиш бўйича бир қатор тажрибалардан иборат. Экипажсиз космик аппарат Ҳинд океанига қўнадиган йўналишга юборилди, ташувчи ракета эса салкам етти дақиқада Ерга қайтди.
Нашрга кўра, SpaceX ўзининг ракета парвозларига машҳур шахсларни таклиф қилиб туради. Трамп аллақачон компаниянинг тадбирларида қатнашган. Биринчи президентлик даврида у SpaceX’нинг илк астронавти парвозига таклиф қилинган.
“Трампнинг Starship ишга туширилишида иштироки Маск билан иттифоқнинг чуқурлашганини кўрсатади. Маск Трампнинг сайловдаги ғалабасидан манфаат кўриши кутилмоқда. Бу миллиардернинг компанияларига ёрдам беради ва ҳукумат томонидан унга нисбатан ижобий муносабатни таъминлайди”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Starship — 121 метр баландликдаги икки поғонали ракета. Унинг массаси 5 минг тоннани ташкил этади. Ракета 150 тоннагача фойдали юкни таший олади. Биринчи поғона — бу аслида космик кеманинг ўзи, иккинчиси эса — Super Heavy тезлаткичи. Келажакда ундан Ой ва Марсга парвозлар учун фойдаланиш режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Starlink интернет сунъий йўлдошларининг 200-партияси орбитага чиққанди.
LiveБарчаси