Трамп ва Ким музокара ўтказишни муҳокама қилмоқда – “Reuters”
Олам
−
27 Ноябрь
2972АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг жамоаси Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишни муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда кеча, 26 ноябрь куни Вашингтондаги икки манбага таяниб, “Reuters” хабар берди.
Манбаларнинг маълум қилишича, музокараларнинг ўтказилиши қуролли можаро хавфини камайтиришга ёрдам беради. Агентлик суҳбатдошларига кўра, Трамп жамоасидаги бир неча киши Америка ва Шимолий Корея етакчилари ўртасидаги мавжуд тўғридан-тўғри алоқалардан икки давлат ўртасидаги муносабатларни тиклаш ҳамда мамлакатлар ўртасидаги мавжуд “музни ёриб юбориш” учун фойдаланишни кутмоқда. Нашрга кўра, Трампнинг КХДР етакчиси билан биринчи президентлик давридаги мулоқоти ўзаро ҳақорат билан якунланган.
Бир неча кун олдин Дональд Трамп Алекс Вонгни Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи ўринбосари этиб тайинлашни режалаштираётганини эълон қилган эди. АҚШ Давлат департаментининг собиқ ходими бир пайтлар Вашингтон учун дипломатик стратегия сифатида Трамп ва Ким ўртасида тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш учун воситачилик қилган ва бу дастлаб муваффақиятли натижаларга олиб келган.
Қайд этилишича, расмий Пхеньян 2020 йилги президентлик сайловларида Трамп ўрнига президентлик лавозимини эгаллаган Жо Байденнинг муносабатларни яхшилаш бўйича барча чақириқларини эътиборсиз қолдирган. Ким Чен Ин Трампнинг алоқани қайта тиклашга уринишларига қандай муносабатда бўлиши номаълум. ОАВ маълумотларига кўра, бир ҳафта олдин Шимолий Корея раҳбари Пхеньянда бўлиб ўтган ҳарбий кўргазмадаги нутқи чоғида мамлакат Қўшма Штатлар билан музокараларда имкон борича узоққа борганини айтган, аммо Вашингтон гўёки буни истамаган.
Шу билан бирга, Трамп расмий учрашувлар давомида КХДРнинг юқори мартабали вакиллари билан шахсан учрашган кам сонли Америка президентларидан биридир. Президент сифатидаги биринчи муддати давомида у 2018 йилда Сингапурда Ким билан музокаралар ўтказган, бир йилдан сўнг эса Ханойда етакчиларнинг иккинчи расмий учрашуви бўлиб ўтган. КХДР етакчиси билан учинчи учрашув учун Трамп 2019 йилнинг ёзида Шимолий Корея ва Жанубий Корея чегарасидаги қуролсизлантирилган ҳудудга ташриф буюрган эди.
Трамп Шимолий Корея билан мамлакатни ядросизлантириш бўйича музокаралар ўтказиш мақсадини қўйган эди, бироқ бу ғоя муваффақиятли кечмади. 2019 йилнинг кузида Пхеньян Қўшма Штатларни музокараларда муваффақиятсизликка учраганликда айблади, Трамп эса Ким Чен Инни танқид қилди ва ядросизланишни амалга оширишни талаб қилди. Шимолий Кореянинг юқори мартабали амалдори Ким Ён Чхоль бунга жавобан Америка етакчисини “сабрсиз чол” деб атаганди. Кейинчалик мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар ёмонлашди.
Сўнгги йилларда Ким Чен Ин Москва билан муносабатларни мустаҳкамлади. Бу, жумладан, КХДР ва Россия ўртасида ҳар томонлама стратегик шерикликни назарда тутувчи шартнома имзоланишига олиб келди. Бу АҚШ мақсадларига тўсқинлик қилиши мумкин. Вашингтон Шимолий Кореяни ядросизлантириш бўйича ўз позициясини расман ўзгартирмади, Россия эса бу борада Пхеньянга босим ўтказишдан бош тортди.
LiveБарчаси