Трампга қарши ишни юритган махсус маслаҳатчи истеъфога чиқди
Олам
−
14:39
2339АҚШ Адлия вазирлиги томонидан мамлакатнинг сайланган президенти Дональд Трампнинг 2020 йилги президентлик сайлови натижаларини сертификатлаштиришга таъсир ўтказишга уринишини текшириш учун тайинланган махсус маслаҳатчи Жек Смит ўз лавозимини тарк этди. Бу ҳақда кеча, 11 январь куни АFP News хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, Смит АҚШ Бош прокурори Меррик Гарландни истеъфога чиқиши ҳақида хабардор қилган ҳамда унга сайловларга аралашишга уриниш ва мамлакатдаги сайлов тизимига путур етказиш иши бўйича якуний ҳисоботни топширган. Гап Дональд Трамп тарафдорлари томонидан 2021 йил 6 январда сиёсатчининг сайловда Жо Байденга мағлубиятини тан олишдан бош тортиши фонида юз берган Капитолийга бостириб кириши ҳақида кетмоқда. Оқибатда беш киши ҳалок бўлганди.
Смит 2022 йилнинг ноябрь ойида иш бўйича махсус маслаҳатчи этиб тайинланган ва у Трамп қароргоҳида махфий ҳужжатларнинг нотўғри сақланишини ҳам текширган. Трамп 2024 йилда АҚШ президенти этиб қайта сайланганидан кўп ўтмай, Смит суддан республикачига қарши ишни тўхтатишни сўради – махсус прокурор у айбловларга рози эканлигини таъкидлади, аммо мамлакат Адлия вазирлигининг сиёсати жиноий таъқиб қилишни назарда тутмайди.
Трампнинг адвокатлари Капитолийга бостириб кириш ҳақидаги ҳисоботни эълон қилмасликни талаб қилмоқда
Суд Смитнинг ишларни тугатиш тўғрисидаги илтимосини қаноатлантирди, аммо махсус маслаҳатчининг вазифаларига якуний тергов ҳисоботларини ёзиш ҳам киради.
Адлия вазирлиги Смит тузган ҳисоботга ўхшаш ҳисоботларни чоп этиш ҳуқуқига эга, аммо ”Тhe Washington Post” нашрига кўра, Трампнинг адвокатлари бунга қарши чиққан. Улар бу талабни сайланган президентнинг инаугурацияси олдидан эълон қилиниши “жамоат манфаатига тўғри келмаслиги” ва ҳокимиятни топшириш жараёнига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини айтиб ўтди.
Бироқ Адлия вазирлиги Смит материалларининг бир қисмини – Капитолийга бостириб кириш иши бўйича ҳисоботни қисқартирилган шаклда нашр этиш ниятида эканлигини эълон қилди. Махфий ҳужжатлар бўйича тергов натижалари ҳали эълон қилинмайди – Флорида жанубий округи Федерал суди судьяси Эйлин Каннон бунга қарши чиқди ва буни худди шу иш бўйича бошқа иккита айбланувчига қарши Атлантада давом этаётган суд жараёни билан оқлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп инаугурация кунига қадар 100 дан ортиқ фармон тайёрлаётгани ва уларни Оқ уйга келиши билан дарҳол имзолашни режалаштираётгани хабар қилинганди.