Трамп уни зўрлашда айблаган ёзувчини судга берди
Олам
−
28 Июнь 2023
7379АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп аввалроқ ўзини зўрлаш ва туҳматда айблаган ёзувчи Элизабет Жин Кэрроллга қарши даъво аризаси билан чиқди. Бу ҳақда “Bloomberg” хабар берди.
Маълумотларга кўра, суд ҳайъати уни айбсиз деб топганига қарамай, Трамп аёлни обрўсига путур етказишда айбламоқда.
Суд ёзувчига собиқ президентга қарши даъвосини тўлдиришга рухсат берганидан кейин Трампда ҳам қарши даъво қилиш имконияти пайдо бўлган.
Трамп устидан суд жараёни 2024 йилнинг январига белгиланган. Элизабет Кэрролл сиёсатчидан 10 миллион доллар миқдорида товон пули талаб қилмоқда.
Собиқ президент эса Кэрроллни “ақлдан озган” , деб атаган ва унинг далиллари сохта ва уйдирма эканини айтган.
Маълумот учун, Элизабет Жин Кэрролл бир нечта таниқли нашрлар учун мақолалар ёзган. 2019 йилда у китоб чиқарган ва унда 1995 йил охири ёки 1996 йил бошида Трамп уни Нью-Йорк марказидаги дўконнинг кийим алмаштириш хонасида зўрлаганини ёзган. 2022 йил ноябрь ойида эса у Трампни туҳматда ва зўравонликни рад этишда айблаб, судга берган. Трампнинг ўзи ёзувчи ва журналист Элизабет Кэрроллга нисбатан зўрлашга уриниш бўйича суд ҳукмини шармандалик ва энг катта “жодугар ови”нинг чўққиси сифатида баҳолаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 май куни суд Кэрроллнинг фуқаролик даъвосида Трампни айбдор деб топган, аммо унинг зўрлашда айблилиги қайд этилмаган. Шу муносабат билан собиқ президент ёзувчига 5 миллион доллар тўлашга ҳукм қилинган.