Трамп Украинага беришлари учун Европага АҚШ қуролларини сотишни истаяпти

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Европа Иттифоқи давлатларига Украинага кўпроқ Америка қуролларини етказиб беришни таклиф қилади. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Reuters” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, ушбу режадан мақсад Киевнинг музокаралардаги позициясини мустаҳкамлаш. Кутилишича, Трампнинг можарони ҳал қилиш бўйича махсус вакили Кит Келлогг ушбу масалани шу ҳафта Мюнхен хавфсизлик конференциясида Европа давлатлари билан муҳокама қилади.

Келлоггнинг ўзи бу борадаги маълумотларни тасдиқламаган, бироқ “АҚШ ҳар доим ўз қуролларини сотишни хоҳлайди, чунки бу Америка иқтисодиётини мустаҳкамлайди”, деган. У нашрга берган изоҳида ҳозирча барча вариантлар кўриб чиқилаётганини, аммо олдинги маъмурият – Жо Байден даврида тасдиқланган қуроллар Украинага етказиб берилаётганини қайд этган.

“Кейинги 24 соат ичида ҳеч нарса ўзгармаслиги ҳам мумкин”, дея қўшимча қилган у.

“Reuters”нинг эслатишича, Байден маъмурияти даврида ҳам Европа давлатлари Украинага Америка қуролларини сотиб олиб, етказиб берган. Манбаларга кўра, Трамп маъмурияти ҳозир Европанинг ҳарбий ёрдамни давом эттириши орқали АҚШга қўшимча харажат тушмаслигини таъминлаш йўлларини изламоқда. Шунингдек, нашрнинг ёзишича, Конгрессдан Украинага қўшимча молиявий ёрдам ажратиш бўйича рухсат олиш қийин бўлиши мумкин.

Сўнгги кунларда Вашингтон 2022 йил февралидан бери ҳарбий ҳаракатлар учун сарфланган миллиардлаб маблағларни қайтариб олишни хоҳлашини билдирган, бунинг учун эса Европанинг кўпроқ иштирок этиши зарурлиги таъкидланган. Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц ҳам шундай фикр билдирган.

Украина Президенти Владимир Зеленский эса олдинроқ “Associated Press”га берган интервьюсида Украина АҚШдан ваъда қилингандек 200 миллиард доллар эмас, балки 75 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам олганини маълум қилган.

НАТО Бош котиби Марк Рютте жорий йил январь охирида АҚШни Украинага қурол етказиб беришни давом эттиришга чақирган ва Европа бу қуролларни сотиб олиш учун пул тўлашга тайёр эканини билдирган. Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Кая Каллас эса Трампнинг инаугурациясидан олдин агар АҚШ Украинага ёрдамни тўхтатса, ЕИ бу борада етакчиликни ўз зиммасига олишга тайёр эканини айтган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ ҳукуматидаги ички мунозаралар натижасида юзага келган вақтинчалик танаффусдан сўнг, Трамп маъмурияти Украинага қурол етказиб беришни қайта бошлагани хабар қилинганди. “Reuters” суҳбатдошларидан бирининг айтишича, АҚШ яна қурол юборишни бошлаган, чунки Президент Дональд Трамп ўзининг дастлабки режаси – Украинага ёрдамни бутунлай тўхтатиш фикридан воз кечган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Трамп Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг