Трамп Украинага $40 млрд берилаётганига норозилик билдирди
Олам
−
28 Май 2022
8583АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп мамлакатнинг амалдаги ҳукуматини болаларни оммавий отишмалар такрорланишидан ҳимоя қилиш учун барча имкониятлардан фойдаланишга чақириб, мамлакат Украинага ажратишга тайёрланаётган 40 миллиард доллар миқдоридаги кенг кўламли ёрдамни эслатиб ўтди.
“Бу пул масаласи эмас, бу истак масаласи. Агар АҚШнинг Украинага жўнатадиган 40 миллиарди бўлса, биз бу ерда, ватанда фарзандларимизни ҳимоя қилиш учун ҳамма нарсани қилишга тайёр бўлишимиз керак”, деган Трамп.
Оқ уйнинг собиқ раҳбари Қўшма Штатлар Ироқ ва Афғонистон учун “миллиардлаб доллар” сарфлагани, аммо бунинг эвазига ҳеч нарса олмаганини эслаган.
“Дунёнинг қолган қисмида давлатчиликни қуришдан олдин, биз ўз мамлакатимиздаги мактабларни болаларимиз учун хавфсиз қилишимиз керак, шундай эмасми?” деган Трамп.
Қўшма Штатлардаги оммавий отишмалар ҳолатларини шарҳлар экан, собиқ Президент “ёвузликнинг мавжудлиги қонунга бўйсунувчи фуқароларни қуролсизлантириш учун сабаб эмас”лигига ишонч билдирган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 май куни Техас штатининг Ювалде шаҳридаги мактабда 18 ёшли йигит Сальвадор Рамос 19 нафар бола ва икки нафар катта одамни ўлдирди.
LiveБарчаси