Трамп Украинадаги урушни қандай тўхтатиши мумкин?

Олам

image

5 ноябрь куни АҚШда бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп Украинага Россия билан ҳарбий низони ҳудудларни қайтармасдан музлатишни ва НАТОга камида 20 йилгача қўшилишдан воз кечишни таклиф қилиши мумкин. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “The Wall Street Journal” (WSJ) хабар берди. 

Нашрга кўра, ҳозирда Трамп маслаҳатчилари урушни тугатишнинг айнан шундай сценарийсини муҳокама қилмоқда. Ҳарбий ҳаракатлар бутун фронт чизиғи бўйлаб музлатилгандан сўнг демилитаризация зонаси эълон қилиниши режалаштирилган. Бироқ унинг хавфсизлигини ким таъминлаши ҳозирча номаълум. WSJ манбаларидан бири бу жараёнда АҚШ қўшинлари ёки БМТ контингенти иштирок этишини рад этди.

Ўз навбатида, НАТОга яқин 20 йил ичида аъзо бўлмасликка рози бўлиш эвазига Трамп Украинани қурол билан таъминлашни давом эттиришга ваъда беради.

“Биз ҳарбийларни ўқитишимиз ва бошқа ёрдам кўрсатишимиз мумкин, аммо бу билан асосан Европа давлатлари шуғулланади. Биз америкаликларни Украинада тинчликни сақлаш учун юбормаймиз ва биз бунинг учун пул тўламаймиз. Буни польшаликлар, немислар, инглизлар ва французлардан талаб қилинг”, деди Трамп жамоасининг бир аъзоси.

Шу билан бирга, WSJ манбалари Трамп ҳали Украинадаги ҳарбий низони тўхтатиш бўйича аниқ режа тасдиқламаганини таъкидлаган. Республикачиларнинг собиқ миллий хавфсизлик бўйича ёрдамчиси Трампнинг қарорни шахсан ва охирги лаҳзада қабул қилишини, шунинг учун Президент нима қарор қилишини олдиндан аниқ айтиб бўлмаслигини билдирган.

Трамп таклиф қилиши мумкин бўлган эҳтимолий шартномага кўра, Россия Украина ҳудудларини ўзида сақлаб қолади, ҳозирги фронт чизиғи бўйлаб демилитаризация зонаси яратилади ва Украина қўшинлари Россия билан қайта тўқнашув эҳтимолига қарши кучайтирилади. Ўз навбатида, Москва Украина ҳарбий альянсларга, жумладан, НАТОга аъзо бўлмаслиги кафолатини олади.

Нашрнинг ёзишича, Трампнинг иккинчи президентлик даврида унинг ташқи сиёсатига таъсир ўтказиш учун турли қарашларга эга фракциялар рақобатлашади. Масалан, Мудофаа вазири лавозимига даъвогар бўлган собиқ давлат котиби Майк Помпео Россия учун ғалаба сифатида ҳисобланмайдиган муросага эришишни талаб қилиши мумкин. Аммо Давлат котиби ва миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи лавозимига асосий номзод ҳисобланган Ричард Гренелл Украина ҳудудларининг катта қисмини Россияга бериш эвазига урушни тезроқ якунлаш тарафдори бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден администрацияси республикачи Дональд Трамп Оқ уйга қайтиши олдидан Украинага 6 миллиард доллардан ортиқ сўнгги ёрдам пакетини юборишни режалаштираётгани хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Дональд Трамп Украина

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг