Трамп Суриядаги воқеалар ортида Туркия турганини айтди (видео)

Олам

image

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп кеча, 16 декабрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Сурияни “дўстона тарзда эгаллаб олиш” ортида турганини айтди ва шу ой бошида Башар Асад ҳукуматининг қулашига ишора қилди. Бу ҳақда у ўзининг Мар-а-Лагодаги қароргоҳида журналистлар билан суҳбатда сўз очди.

“У жуда ақлли ва қаттиққўл одам. Лекин Туркия кўп одамларнинг ҳаётига зомин бўлмай, дўстона тарзда ҳокимиятни эгаллаб олди. Айтишим мумкинки, Асад қассоб бўлган, унинг болаларга қилган иши шуни кўрсатади. Туркия Сурияда Асад ҳукуматининг қулаши ортида турган. Ҳозир ҳокимият тепасига келганлар Туркиянинг назорати остида”, деган Трамп.

Трамп журналистларнинг Сурия шимоли-шарқидан Америка қўшинларини олиб чиқиб кетасизми, деган саволига рад жавобини берди. У, шунингдек, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху билан суҳбати яхши ўтганини эслатиб, Яқин Шарқдаги вазиятни ҳал қилиш Россия-Украина урушидан кўра осонроқ бўлишини айтди.

Трамп бир пайтлар Сурияда АҚШ ҳарбийларининг бўлишига қарши чиққан ва 2018 йилда президент сифатидаги биринчи даврида мамлакатдан 2000-2500 америкалик аскарни олиб чиқишни буюрган. 16 декабрь куни ҳам у Суриядаги қолган 900 нафар америкалик аскар энди хавф остида эмаслиги, чунки “бошқа томон йўқ қилингани”ни айтди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “The Wall Street Journal” нашри америкалик расмийларга таяниб, Туркия Сурия билан чегарада қўшинлар тўплаётгани, бу эса унинг кенг кўламли босқинга тайёрланаётганини кўрсатиши мумкинлиги ҳақида ёзганди. Уларнинг айтишича, АҚШ Туркия “Сурия билан чегарада қўшинлар тўплаётгани”дан хавотирда. АҚШ расмийларидан бирига кўра, Туркия операцияси яқинлашаётган бўлиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг