Трамп самолёт бортида Қатар Амири билан учрашади
Олам
−
25 Октябрь 4123 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Малайзияга сафари чоғида Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний ва Бош вазир Муҳаммад бин Абдураҳмон Ол Соний билан учрашади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Трамп Малайзияга кетаётган пайтда ёнилғи қуйиш учун Қатар ҳудудидаги Аль-Удейд базасида тўхтайди. Ўша пайтда Air Force One бортида Қатар раҳбарлари билан учрашув ўтказилади.
Билдирилишича, учрашувда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҳам иштирок этади.
Маълумот учун, Дональд Трампнинг Малайзияга расмий ташрифи жорий йилнинг 26-27 октябрь кунларига белгиланган. Малайзия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида айтилишича, бу Трампнинг 2025 йил январь ойида 47-Президент сифатида лавозимга киришганидан буён Жануби-Шарқий Осиё минтақасига илк ташрифи бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президентининг матбуот котиби Кэролайн Ливитт Дональд Трамп 30 октябрь куни Жанубий Кореянинг Пусан шаҳрида Хитой Раиси Си Цзиньпин билан учрашишини маълум қилган эди. Ливиттнинг сўзларига кўра, Трамп маҳаллий вақт билан 26 октябрь куни эрталаб Малайзияга етиб боради. У мамлакат Бош вазири Анвар Иброҳим билан учрашади ва ASEAN етакчиларининг ишчи кечки овқатида иштирок этади.
27 октябрь куни Трамп Токиога боради ва у ерда 28 октябрь куни Япониянинг янги Бош вазири Санаэ Такаити билан учрашади. 29 октябрь куни Трамп Пусанга учиб кетади ва у ерда Жанубий Корея Президенти Ли Чжэ Мён билан музокаралар ўтказади. Шунингдек, Оқ уй раҳбари Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммитида нутқ сўзлайди.
Live
Барчаси