Трамп Россия Эронга ҳарбий ёрдам бераётганига ишонмаслигини айтди
World
−
15:43 708 2 minutes
АҚШ Президенти Дональд Трамп Россия ва Хитойнинг Эронга ёрдам бераётганига ишонмайди. Бу ҳақда Оқ уй раҳбари Truth Social тармоғида ёзиб, танқидчилари ва рақибларининг Теҳронга қурол-яроғ, разведка маълумотлари ва ўқ-дорилар етказиб берилаётгани ҳақидаги шарҳларини кўраётганини билдирди.
“Агар улар [Россия ва Хитой – таҳр.] [Эронга – таҳр.] ёрдам бераётган бўлса ҳам, бу жуда паст даражада, лекин мен умуман бунга ишонмайман. Уларнинг йўқотадиган нарсаси бор, агар шундай бўлганида биз бу ҳақда билиб олган бўлардик, жуда тез орада билардик!” деб ёзди Трамп.
Эслатиб ўтамиз, июль ойида Трамп Москва ва Пекиннинг Теҳронга ҳарбий ёрдам кўрсатилмаётгани ҳақидаги ишончли баёнотларига ишонишини айтган, аммо агар улар барибир аралашадиган бўлса, “бу улар учун жуда ёмон бўлиши” ҳақида огоҳлантирган эди.
Шу билан бирга, АҚШнинг Эронга қарши операцияси энг бошидаёқ “The Washington Post” манбалари Россия Эронга ҳаво зарбалари учун нишонларни танлашда ёрдам бериб, разведка маълумотларини узатаётгани ҳақида хабар берган эди.
Кейинроқ, Ғарб разведка хизматлари Москва эронлик ҳарбийларни АҚШ ва унинг иттифоқчилари Ҳаво ҳужумидан мудофаа (ҲҲМ) тизимларини ёриб ўтиш учун дронларни қўллашнинг илғор тактикасига ўргатаётганини, шунингдек, сунъий йўлдош тасвирларини тақдим этаётганини аниқлаган. Июль ойида “Reuters” манбаси АҚШ разведкаси Россиянинг Эрон томонидан Яқин Шарқдаги МРБ объектларига берилган зарбаларга алоқадорлиги эҳтимолини текшираётганини хабар қилди. Шунингдек, “Financial Times” маълумотларига кўра, Москва Теҳронга АҚШ ҳарбий кемалари ва минтақадаги базалари учун жиддий хавф туғдирадиган қанотли ракеталарни ишлаб чиқишда яширинча ёрдам бермоқда.
Сентябрь ойи охирида АҚШ Эронга қурол-яроғ ва уни ишлаб чиқариш учун компонентлар сотиб олишда ёрдам бергани учун 13 та жисмоний ва юридик шахсга қарши санкциялар киритди. Улар орасида Россиянинг иккита компанияси бор: Каспий денгизида ташишга ихтисослашган “МГ-Флот” МЧЖ ва самолётлар, вертолётлар ҳамда дронлар ишлаб чиқарувчи “А. С. Яковлев номидаги Тажриба-конструкторлик бюроси” АЖ.
Олдинроқ эса Пекин Эронга зенит-ракета комплексларини етказиб бераётгани ва Теҳрон Хитой ёрдамида нефть сотишга қўйилган санкцияларни айланиб ўтиш йўлларини топгани ҳақида ҳам хабарлар тарқалган. Трамп Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг сентябрь ойидаги ташрифи чоғида уни Ислом Республикасини қўллаб-қувватлашдан огоҳлантирган. АҚШ Президенти Сига Теҳронни бевосита ёки билвосита қўллаб-қувватлаш “мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат” эканини айтган. Бунга жавобан Вашингтон Пекиндан тегишли кафолатлар олган.
Live
All