Трамп Орбанни БМТга раҳбар қилмоқчи – WSJ
Олам
−
13:42 1143 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Венгриянинг собиқ бош вазири Виктор Орбанга БМТ бош котиби лавозими учун пойгага қўшилишни таклиф қилди. Бу ҳақда учта мамлакатдаги манбаларга таяниб, “The Wall Street Journal” (WSJ) хабар берди.
Давлат департаменти вакилининг айтишича, дастлабки музокаралар якунларига кўра, Россия ва Хитой Америка маъмуриятининг ушбу ғоясини қўллаб-қувватлаган. Натижада Орбан БМТ Хавфсизлик Кенгашида “ҳеч қандай қийинчиликсиз” саккизта овозни қўлга киритиши мумкин. Шу билан бирга, у 15 та овоздан ўнтасини олишни ҳам “эришиш мумкин бўлган” мақсад деб ҳисоблайди.
АҚШ вакили Орбанни Америка консерваторлари учун “орзудаги номзод” деб атаган, чунки у оммавий миграцияга, либерал ноҳукумат ташкилотларига, шунингдек, қарашлари бўйича сўлчи бўлган судлар ва матбуотга қарши чиққан. WSJ маълумотларига кўра, Америка расмийлари Орбаннинг БМТ бош котиби лавозимига қизиқиши бор-йўқлигини аниқлаш учун у билан боғланган. Сиёсатчи ушбу таклифни кўриб чиқишга тайёрлигини, аммо ғалабага ишончи комил бўлмаса, ўз номзодини илгари суриш ниятида эмаслигини айтган. У WSJ’га изоҳ беришдан бош тортган.
Маълумот учун, БМТнинг амалдаги Бош котиби Антониу Гутерришнинг ваколат муддати 31 декабрда тугайди. Жаҳон ташкилотининг янги раҳбари 2027 йил 1 январдан ўз вазифасини бажаришга киришиши керак. Номзод Хавфсизлик Кенгаши томонидан тавсия этилиши, шундан сўнг тайинлов БМТ Бош Ассамблеясида тасдиқланиши лозим. Шу билан бирга, Хавфсизлик Кенгашининг бешта доимий аъзосидан исталган бири – Россия, АҚШ, Хитой, Буюк Британия ва Франция номзодга вето қўйиши мумкин.
Бош котибликка ҳозирги етти нафар номзоддан ҳеч бири ҳалигача Хавфсизлик Кенгашининг вето ҳуқуқига эга бўлган барча доимий аъзолари қўлловини қўлга киригани йўқ. Улар орасида МАГАТЭ раҳбари Рафаэль Гросси ва БМТнинг савдо бўйича бўлинмаси раҳбари Ребекка Гринспан бор.
Орбан 16 йил давомида Венгрия бош вазири лавозимини эгаллаб келган. Мамлакатда 2026 йил 12 апрелда бўлиб ўтган парламент сайловлари олдидан Трамп маъмурияти Орбанни қўллаб-қувватлаган эди, бироқ якунда унинг “Фидес” партияси ютқазиб қўйди. Парламентдаги кўпчилик ўринни “Тиса” партияси қўлга киритди ва унинг етакчиси Петер Мадьяр ҳукуматга раҳбар бўлди. WSJ’нинг ёзишича, Орбан БМТ бош котиби этиб сайланган тақдирда, у Владимир Путин ва бошқа авторитар етакчиларнинг ҳимоячисига айланиши мумкин.
Live
Барчаси