Трамп Оқ уйда Байден билан учрашди (видео)
Олам
−
13 Ноябрь
9699АҚШ президентлик сайловларида ғалаба қозонган Дональд Трамп бугун, 13 ноябрь куни амалдаги Президент Жо Байден билан Оқ уйда учрашув ўтказди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув давомида Байден Трампга ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш ниятида эканини маълум қилган. Трамп ҳам бу жараён иложи борича “силлиқ” ўтишини таъкидлаган.
“Сиёсат – бу осон иш эмас, дунё эса ҳар доим ҳам яхши жой эмас. Аммо бугун у ёқимли ва мен буни жуда қадрлайман”, деди Трамп.
Маълумот учун, сайловолди кампанияси давомида Трамп ва Байден бир-бирларини кескин танқид қилган. Улар охирги марта июндаги дебатда учрашган. Шундан сўнг Байден ёши ва президент вазифаларини бажариш қобилиятига оид хавотирлар туфайли пойгани тарк этган. Унинг ўрнини эса Камола Ҳаррис эгаллаган.
Сайланган президентнинг лавозимдан кетаётган президент билан учрашуви АҚШ сиёсий ҳаётининг кўп йиллик анъанаси ҳисобланади. Бироқ 2020 йилги президентлик сайловларидан сўнг Трамп мағлубиятни тан олмаган ва Байденни учрашувга таклиф қилишдан бош тортган.
Трамп жорий йилги президентлик сайловларидаги ғалабасидан сўнг илк бор Вашингтонга келди ва Оқ уйга ташрифи олдидан у Конгресс қуйи палатаси – Вакиллар палатасига ташриф буюриб, республикачилар партияси аъзолари билан ҳам учрашди.
LiveБарчаси
26 Ноябрь