Трамп нефть компанияси раҳбарини Энергетика вазири этиб тайинлайди
Олам
−
19 Ноябрь
1314АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Liberty Energy компаниясининг асосчи ва бош директори Крис Райтни Энергетика вазири сифатида танлади. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Райт Трампнинг “нефть ва газ қазиб олишни максимал даражада ошириш режасини” қўллаб-қувватлаши кутилмоқда.
“Крис энергетика соҳасида етакчи технолог ва тадбиркор бўлиб, у ядро, қуёш, геотермал, нефть ва газ соҳаларида ишлаган. Энг муҳими, Крис Америка энергетика мустақиллигига туртки бўлган “Amerika slanets” инқилобининг бошланишига ёрдам берган ва глобал энергия бозорлари ҳамда геосиёсатни ўзгартирган инсонлардан бири эди”, дейди Трамп.
Сайловолди ташвиқот чоғида энергия масалалари бўйича Трампни қўллаб-қувватлаган оклахомалик миллиардер, Гарольд Хэмм “Hart Energy” савдо нашрига берган интервьюсида Райтни бу лавозимдаги энг яхши танлов бўлганини айтган ва уни “ҳақиқатан ҳам ўткир шахс” деб атаган.
Крис Райт CNBC телеканалига берган интервьюсида эса ҳозирги энергия тизимининг ўрнига янгисини қурмагунча бу соҳада ютуқларга эришиб бўлмаслигини айтиб ўтган.
“Менимча, кейинги ўттиз йил ичида бизнинг углеводород тизимимизда сезиларли ўзгаришлар бўлмайди”, дея таъкидлаган Райт.
Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Дональд Трамп ўзининг бўлажак маъмуриятидаги лавозимларга номзодларни танламоқда. Трамп Флорида штатидан сенатор Марко Рубиони Давлат котиби, конгрессмен Мэтт Гетцни эса Адлия вазири ва Бош прокурор этиб тайинлаш ниятида эканини маълум қилди. Шунингдек, Трамп “Fox News” телеканали бошловчиси Пит Хегсетни Пентагон раҳбари, конгрессмен Майк Вальсни Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи ва бизнесмен Илон Маскни АҚШ Ҳукумат самарадорлиги департаментига раҳбар этиб тайинлашга қарор қилган эди. Шунингдек, Дональд Трамп “Fox Business” телеканали бошловчиси ва иқтисодчи Ларри Кадлоуни иқтисодиёт ва молия соҳасида юқори лавозимга тайинлашни режалаштирмоқда. Трамп Оқ уй тарихидаги энг ёш матбуот котибини ҳам тайинлаганди.
Моҳинур Каримова
LiveБарчаси