Трамп маъмурияти Куба билан кутилмаган келишув тайёрламоқда – ОАВ

Олам

image

Америка Қўшма Штатлари Куба билан иқтисодий келишув тайёрламоқда. Унинг тафсилотлари ҳозирча ошкор этилмаяпти. Бу ҳақда икки манбага таяниб, USA Today хабар берди.

Газетанинг ёзишича, АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Куба билан иқтисодий келишув тайёрламоқда ва бу ҳақда яқин орада эълон қилиниши мумкин. Тахмин қилинаётган келишув тафсилотлари ва аниқ муддати ҳозирча номаълум.

“Келишув америкаликларнинг Гаванага саёҳат қилишлари бўйича чекловларни юмшатишни ўз ичига олиши мумкин. Трампга бу каби чекловларни юмшатиш учун Конгресс розилиги талаб этилмайди”, дейилади хабарда.

Нашрнинг ёзишича, келишув доирасида гўёки Куба Президенти Мигель Диас-Канель учун оролни тарк этиш ва Кастро оиласи учун унда қолиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда. Бундан ташқари, ҳужжат портлардан фойдаланиш, энергетика ва туризм бўйича бўлимларни ўз ичига олиши мумкин.

Бунгача Дональд Трамп Давлат котиби Марко Рубио келишувга эришиш учун Куба ҳукумати билан музокаралар олиб бораётганини очиқчасига маълум қилган.

“Унда (Кубада) ажойиб янги ҳаёт бўлади, лекин ҳозир у ўз ҳаётининг охирги лаҳзаларини бошидан кечирмоқда”, дейди Америка етакчиси.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида Дональд Трамп агар Куба зудлик билан “келишув тузмаса”, уни қандайдир оқибатлар билан қўрқитган ва Венесуэла етакчиси Николас Мадуро қўлга олинганидан кейин Кубага Венесуэла пуллари ва нефти оқими тўхташини айтган эди.

Кейинчалик Оқ уй раҳбари Венесуэладан нефть етказиб бериш тўхтатилганидан сўнг Куба ҳалокат ёқасида турганини таъкидлади.

Шундан сўнг Дональд Трамп Куба томонидан миллий хавфсизликка таҳдид туфайли АҚШда фавқулодда ҳолат жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ушбу ҳужжат туфайли Қўшма Штатлар Кубага бевосита ёки билвосита нефть етказиб берадиган ҳар қандай давлатдан импорт қилинадиган маҳсулотларга қўшимча божлар жорий этиши мумкин бўлади. Бунга жавобан Куба расмийлари АҚШни тажовуз ва товламачиликда айблади.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Куба

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг