Трамп маъмурияти Исроилга 2,8 миллиард долларлик қурол сотмоқчи

Олам

image

Дональд Трамп маъмурияти Исроилга қиймати 2,8 миллиард доллар бўлган ҳарбий ўқ-дорилар тўпламини сотишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

АҚШлик расмийнинг “Reuters” агентлигига маълум қилишича, пакет таркибида ўта вайронкор 2 000 фунтлик бомбалардан ўн минглаб дона бўлади.

Анонимлик шарти билан гапирган расмийнинг айтишича, режалаштирилаётган келишув доирасида 20 мингта MK 84 ва 20 мингта BLU-117 бомбаси Исроилга етказиб берилиши кўзда тутилган.

Қурол-яроғ савдоси бўйича маълумот ушбу йирик битимларга муносабат билдирувчи Конгресс қўмиталарига норасмий равишда етказилган. Мазкур пакет ҳақида биринчи бўлиб “The Washington Post” хабар берган.

АҚШда Исроилни қўллаб-қувватлаш даражаси 2023 йилда Ғазо уруши бошланганидан буён, айниқса Демократик партия тарафдорлари орасида пасайган. Жорий йилнинг июнь ойида Quinnipiac University ўтказган сўровномага кўра, сайловчиларнинг 48 фоизи ва демократларнинг 66 фоизи АҚШ Исроилни ҳаддан ташқари қўллаб-қувватламоқда, деб ҳисоблаган. 2017 йилда бу савол биринчи марта берилганида мазкур кўрсаткичлар мос равишда 16 ва 20 фоизни ташкил этган.

2 000 фунтлик бомбалар Исроил томонидан Ғазо сектори, шунингдек, Ливанда мунтазам қўлланиб келинган ва бу ҳуқуқ экспертларининг танқидига сабаб бўлган.

Ғазо соғлиқни сақлаш идоралари маълумотларига кўра, Исроилнинг ҳарбий амалиётлари оқибатида 73 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлган. БМТнинг бир тергов комиссияси Исроил Ғазода геноцид содир этган, деган хулосага келган, Исроил эса бу айбловни рад этади.

Исроил ўз ҳаракатларини ўзини ҳимоя қилиш чораси сифатида баҳолайди. Бунга сабаб сифатида 2023 йил октябрь ойида ҲАМАС бошчилигидаги жангарилар ҳужумида 1 200 киши ҳалок бўлгани ва 250 дан ортиқ одам гаровга олинганини келтиради.

Маълумот учун, АҚШ ва Исроил 28 февраль куни Эронга ҳужум қилган. Эрон бунга жавобан Исроил ва АҚШ ҳарбий базалари жойлашган Форс кўрфази давлатларига зарбалар берган.

АҚШ ва Исроилнинг Эронга берган зарбалари ҳамда Исроилнинг Ливандаги ҳужумлари оқибатида минглаб одамлар ҳалок бўлган, миллионлаб киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг