Трамп маъмурияти Ғазодаги келишувнинг иккинчи босқичи бўйича иш бошлади
Олам
−
22 Январь
1502АҚШ Президенти Дональд Трамп маъмурияти Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи ўртасидаги келишувнинг иккинчи босқичи бўйича ҳаракат бошлади. Бу ҳақда “Politico” хабар берди.
Қайд этилишича, келишувнинг иккинчи босқичи қолган гаровга олинганларни озод қилиш, доимий ўт очишни тўхтатиш ва Исроил қўшинларини тўлиқ олиб чиқиб кетишни назарда тутади.
“Байден бизга қолдирган нарса – бу охирнинг бошланиши эмас, балки бошланишининг охири”, деган Трамп жамоасидаги исм-шарифи ошкор қилинмаган АҚШ расмийси.
Нашрнинг ёзишича, АҚШ Президентининг Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Майкл Уолтц кеча, 21 январь куни ўз лавозимига киришган Давлат котиби Марко Рубио билан бу масалани “дарҳол” ишлаб чиқишга киришган.
Қолаверса, нашр Исроил ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришни ҳам янги маъмуриятнинг Яқин Шарқ сиёсатидаги устувор йўналишларидан бири деб атаган.
Ғазо бўйича келишувнинг биринчи босқичи
19 январь куни эрталаб Ғазо секторида 15 ойдан ортиқ давом этаётган урушни тўхтатишга қаратилган олти ҳафталик сулҳ бир неча соатлик кечикишдан сўнг Исроил ва ҲАМАС ўртасида кучга кирган эди.
Сулҳ арафасида Нетаньяху, агар келишув муваффақиятсизликка учраса, Исроил жанговар ҳаракатларни давом эттириши ва барча мақсадларига, жумладан, ҲАМАСни йўқ қилишига эришишини таъкидлади.
Бундан ташқари, Миср билан чегарадаги Филадельфия йўлаги бўйлаб Исроил қўшинлари контингенти қисқартирилмайди, кенгайтирилади.
Сулҳнинг биринчи босқичи Ғазо секторида ҳамон гаровга олинган 98 кишидан 33 нафарини озод қилиши кутилмоқда. Улар орасида: икки бола, ўн нафари аёл ва 21 нафари эркак, шу жумладан беш нафар ҳарбий хизматчи. Бунинг эвазига Исроил 2000 га яқин фаластинлик маҳбусни озод қилади: гаровга олинган ҳар бир фуқаро учун 30 тадан ва аёл аскар учун 50 тадан. Бу фаластинлик маҳбуслардан 737 нафари Исроил қамоқхоналарида, 1167 нафари эса Исроилнинг Ғазо секторидаги қуруқликдаги амалиёти чоғида ҳибсга олингани айтилмоқда.
Келишув кучга кирганидан кейин еттинчи куни гаровга олинган яна тўрт нафар фуқаро озод этилиши керак. 14, 21, 28 ва 35-кунларда учта гаровга олинган, охирги 14 киши эса охирги ҳафтада озод қилинади.