Трамп Конгрессга спикер бўлмоқчи
Олам
−
06 Октябрь 2023
4306АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп республикачилар бошқа номзод топмагунча, бир муддат Вакиллар палатаси спикери бўлишга тайёрлигини айтди. Бу ҳақда у “Fox News”га берган интервьюсида маълум қилди.
“Улар [Республикачилар] узоқ муддатли номзод топгунларича, мендан [Вакиллар палатаси] спикери ўриндиғини эгаллашни ўйлаб кўришимни сўрашди. Мен буни хоҳлаганим учун қилмаяпман. Лекин агар керак бўлса, мен бунга тайёрман”, деган Трамп.
Гарчи бир қатор қонун чиқарувчилари собиқ президентни спикер лавозимида кўришини истаса-да, Трамп унга ким бундай таклиф берганини очиқламаган.
Трамп республикачиларнинг “манфаати учун” спикер стулини “30, 60 ёки 90 кун” эгаллашга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, у асосий эътибор президентлик сайловолди кампаниясига қаратилганини таъкидлади.
“Politico” нашрининг ёзишича, Трамп келаси ҳафта спикерлик учун ўз номзодини партиядошларига таклиф қилиш учун Вашингтонга боради. Таъкидланишича, бундай тайинлов даргумон, чунки Вакиллар палатаси бу лавозимга ҳеч қачон Конгресс ташқарисидан бирор кишини сайламаган. Ҳатто бу расман тақиқланмаган бўлса-да.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ тарихида биринчи марта Конгресси Вакиллар палатаси аъзолари спикерни лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги резолюцияни қўллаб-қувватлаганди. Бунинг ортидан республикачи Кевин Маккарти ишдан кетганди.