Трамп инаугурация кунига қадар 100 дан ортиқ фармон тайёрламоқда
Олам
−
11 Январь
1700АҚШнинг сайланган Президенти Дональд Трамп инаугурация кунига қадар 100 дан ортиқ фармон тайёрламоқда ва уларни Оқ уйга келиши билан дарҳол имзолашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда “Associated Press” (AP) хабар берди.
Қайд этилишича, фармонлар хавфсизликни таъминлаш, мигрантларни депортация қилиш ва Трамп томонидан илгари кўрсатилган бошқа сиёсий устуворликларга бағишланган. Уларнинг кўплари 20 январь куни инаугурация кунида ишга тушиши кутилмоқда.
Сайланган президентнинг иттифоқчилари ҳам Трамп тезда имзолаши мумкин бўлган фармонлар рўйхатини тайёрлаган. Улар АҚШ ва Мексика ўртасидаги чегарани ёпишдан тортиб, энергия соҳасини ривожлантириш, федерал ишчи кучи сиёсатини, мактаблардаги гендер сиёсатини ва мажбурий эмлашлар каби масалаларни қамраб олган. Шунингдек, бу фармонлар Трампнинг сайловолди кампанияси давомида берган бошқа ваъдалари билан ҳам боғлиқ.
AP хабарига кўра, Трамп ва унинг жамоасининг режалари “замонавий дунёда илгари кўрилмаган зарба” бўлиб, у Конгрессни четлаб ўтиб, ваколатларини амалга оширишга тайёрланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 15 январь куни АҚШ президентлигидан кетаётган Жо Байден халқига хайрлашув мурожаати билан чиқиш қилиши айтилганди.