Трамп Эрон билан муросага келиш нияти борлигини билдирди
Олам
−
11:11 1558 2 дақиқа
Президент Дональд Трамп Пентагон Яқин Шарқ масаласида ҳар қандай буйруқни бажаришга тайёр турганини айтди. Шунга қарамай у Эрон билан гаплашиб олишни режалаштираётганини билдирди. У бу ҳақда кеча, 29 январь куни Овал офисида бўлиб ўтган тадбирда журналистларга маълум қилди.
Қайд этилишича, Трамп журналистлар билан суҳбатда Теҳрон билан музокараларга киришишга тайёрлигини айтган. Бироқ, у қачон ёки ким раҳбарлигида жараёнлар амалга оширилишини маълум қилмаган.
“Мен буни режалаштирмоқдаман. Ҳозирда бизда жуда катта ва кучли кемалар Эронга сузиб кетмоқда, агар улардан фойдаланишга мажбур бўлмасак, жуда яхши бўлар эди”, дейди Трамп.
АҚШ расмийларига кўра, Трамп ўз вариантларини кўриб чиқмоқда, аммо Эронга зарба бериш-бермаслик тўғрисида қарор қабул қилмаган. Эронда содир бўлган оммавий норозилик намойишларидан сўнг АҚШ–Эрон ўртасидаги зиддиятлар кучайган. Шунингдек, АҚШ томон Эроннинг ядровий имкониятлардан фойдаланишига қаттиқ қаршилик кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Трампнинг шартига жавоб қайтаргани ҳақида хабар берилганди. Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Теҳрон ҳар қандай тажовузга дарҳол ва қатъий жавоб беришга тайёрлигини билдирди.
“Бизнинг жасур Қуролли кучларимиз– қуруқлик, ҳаво ва денгизга қарши қаратилган ҳар қандай тажовузга зудлик билан ва қатъий жавоб беришга тайёр, бармоқлар тетик. 12 кунлик уруш давомида олинган муҳим сабоқлар бизга янада кучлироқ, тезроқ ва самаралироқ жавоб қайтариш имконини берди”, деган Ароқчи.
Шу билан бирга, Ароқчи Эрон ҳар доим ўзаро манфаатли, адолатли ва тенг ҳуқуқли ядровий келишув тарафдори бўлиб келганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, ядровий қурол Эроннинг хавфсизлик режалари таркибига кирмайди ва мамлакат ҳеч қачон уни қўлга киритишга интилмаган.