Трамп бойлар учун солиқни оширмоқчи
Олам
−
09 Май 3740 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп йиллик даромади 2,5 миллион доллардан ошадиган америкаликлар учун 37 фоизлик солиқни 39,6 фоиз даражасига қайтаришни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 7 май куни Трамп Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсонга йилига камида 2,5 миллион доллар даромад оладиганлар ёки йиллик даромади камида 5 миллион доллар бўлган оилавий жуфтликлар учун солиқ ставкасининг юқори чегарасини 37 фоиздан 39,6 фоизга оширишни таклиф қилган.
NYTʼнинг қайд этишича, Трамп 2017 йилда ўзининг биринчи президентлик муддати давомида “бойлар учун солиқ”нинг юқори чегарасини 39,6 фоиздан 37 фоизга туширган. У шу даражада қолмоқда, бироқ ҳозирда максимал ставка йиллик даромади 626 минг 350 доллардан ошганларга нисбатан қўлланади.
Нашрларнинг ёзишича, Трампнинг таклифи солиқларни қисқартиришни узайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамаси фонида пайдо бўлган, унинг қийматини қоплаш учун қонун чиқарувчилар маблағ топишга, жумладан, кам даромадли америкаликлар учун суғурта дастурини қисқартиришга ҳаракат қилмоқда.
“Bloomberg” томонидан тақдим этилган мустақил Солиқ жамғармасининг дастлабки баҳосига кўра, бойлар учун янги солиқ ставкасини жорий этиш ўн йил ичида бюджетга 67,3 миллиард доллар жалб қилиш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп хорижий кинофильмлар импортига 100 фоизлик божхона тўловлари жорий этилишини эълон қилган эди. Трамп чет эл киноларини “миллий хавфсизликка таҳдид” деб атаган ва бу чора Америка кино саноатини ҳимоя қилиш мақсадида кўрилаётганини билдирган.
Live
Барчаси