Трамп ишга киришди. Дунё сиёсий тизими учун 4 йиллик жиддий синов бошланди!

Олам

Америка Қўшма Штатларида ҳокимият жилови расман Дональд Трамп қўлига ўтди. У 20 январь куни президентлик қасамёдини қабул қилди ва бу билан нафақат АҚШ, балки бутун дунёда ўзгача давр бошланди. Чунки Трамп Оқ уй постини эгаллаши билан қисқа соатлар ичида юзлаб қонунларни имзолаши кутилаётганди. Унинг бу борадаги ваъдалари яқин фурсатларда ўз исботини топади.

Аср “come back”ини амалга оширган нью-йорклик тадбиркорнинг АҚШ президенти сифатидаги иннаугурация маросимини бутун дунё оммавий ахборот воситалари қизғин кузатди. Бир кун олдин у Вашингтонга етиб келиб, охирги марта сайланган президент сифатида Capital one аренасида ўзининг ғалабасини нишонлаш, тарафдорларига миннатдорлик билдириш ҳамда келажакдаги мақсад ва устуворликларни белгилаш учун пойтахт аҳолиси билан учрашганди.

20 январь тонгида эса, ананага кўра, Трамп хотини Мелания билан бирга Оқ уй қаршисидаги  Авлиё Иоанн черковига борди. Унинг ортидан сайланган вице-президент Жеймс Дэвид Вэнс ҳам черковга етиб келди.

Шундан сўнг Оқ уйнинг бўлажак эгалари ўзларининг кейинги 4 йиллик манзилига отланди. Уларни президентликдан кетаётган Жо Байден ва биринчи хоним Жилл Байден кутиб олди. Жуфтликлар Оқ уйда анъанавий тарзда чой ичишди.

Шундан сўнг Байден ва Трамп биргаликда лимузинда АҚШ Конгресси саройи томон йўл олди. Анъанага кўра, истеъфога чиққан президент қасамёд қабул қилиш маросимида сайланган президентга АҚШ Конгрессига боргунча ҳамроҳлик қилди. 2017 йилда ҳам президент Барак Обама Трампга ҳамроҳлик қилган. Бироқ 2021 йилда Трамп Байденнинг қасамёд маросимини ўтказиб юборган. Шунингдек, Байден Оқ уйни тарк этаётганида журналистларга Овал кабинетда Трамп учун мактуб қолдирганини айтди. Қайд этиш жоиз, Трамп ҳам 2021 йилда Байденга  мактуб қолдирган.

Президентлар Конгресс томон келар экан, Капитолий биносининг Ротунда залида Барак Обама, Ҳиллари ва Билл Клинтон, Амазон раҳбари Жефф Безос, Apple раҳбари Тим Кук, Google раҳбари Сундар Пичаи ва Facebook асосчиси Марк Цукерберг Трампнинг инаугурацияси учун бир жойда йиғилган ҳолда уларни кутарди.

Маросимда биринчи бўлиб Вэнс қасамёд қилди.

"Мен, Жеймс Дэвид Вэнс,  Америка Қўшма Штатлари Конституциясини барча ташқи ва ички душманларга қарши қўллаб-қувватлашга ва ҳимоя қилишга, чинакам эътиқод ва содиқ бўлишга тантанали равишда қасамёд қиламан: мен бу мажбуриятни ҳеч қандай руҳий шартларсиз ёки ундан қочиш мақсадисиз эркин қабул қиламан ва кирмоқчи бўлган идорамнинг вазифаларини яхши ва содиқлик билан бажараман. Шундай экан, Худойим менга ёрдам бер", дея йиғилганлар олдида қасам ичди Вэнс.

Шундан сўнг Президент Трамп қасамёд қабул қилди.

"Мен, Дональд Жон Трамп, Америка Қўшма Штатлари Президенти лавозимини содиқлик билан бажаришга ва қўлимдан келганча Қўшма Штатлар Конституциясини сақлашга, асрашга ва ҳимоя қилишга тантанали равишда қасамёд қиламан. Шундай экан, Худойим менга ёрдам бер", дея қасамёд қилди Трамп.

Шундай қилиб Трамп расман АҚШнинг 47-Президенти бўлди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг