Трамп айрим маҳсулотларга яна божлар жорий этди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп мамлакатга келаётган барча пўлат ва алюминий маҳсулотларига 25 фоизлик божлар жорий этишини маълум қилди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Қайд этилишича, Трамп бугун, 10 февралдан бошлаб бошқа мамлакатлардан АҚШга импорт қилинадиган барча пўлат ва алюминийга 25 фоизлик божлар жорий этиш ниятида эканини маълум қилган.

“Қўшма Штатларга жўнатилган ҳар қандай пўлатга 25 фоизлик бож қўйилади”, деган Трамп.

Шунингдек, у АҚШ импортига солиқ солувчи барча давлатлар учун шу ҳафта охирида ўзаро тарифлар эълон қилинишини айтган, бироқ бу қайси давлатларга таъсир қилишини айтмаган.

“Агар улар биздан ундиришса, биз улардан ундирамиз”, деган у.

“Reuters” нашри Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди Трампнинг баёноти фонида АҚШга ташрифи арафасида иқтисодиётнинг муҳим тармоқларида Америка товарларига божларни камайтириш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар қилган. Манбага кўра, бу ҳаракат АҚШнинг Ҳиндистонга экспортини ошириши ва савдо уруши хавфини камайтириши учун амалга оширилган.

Маълумот учун, Қўшма Штатларга энг йирик пўлат етказиб берувчилар қўшни Мексика ва Канада саналади. Трамп ўзининг биринчи муддатида Канада, Мексика ва Европа Иттифоқидан пўлат импортига 25 фоиз ва алюминий импортига 10 фоиз божлар киритган. Бир йил ўтгач, АҚШ Канада ва Мексика билан ушбу тарифларни бекор қилиш бўйича келишувга эришган.

Эслатиб ўтамиз, 1 февраль куни Дональд Трамп Мексика ва Канададан олиб келинадиган маҳсулотларга 25 фоиз, Хитойдан импорт қилинадиган маҳсулотларга эса 10 фоиз божларни жорий этиш ҳақидаги фармонни имзолаганди. Канададан импорт қилинадиган энергия ресурсларига қўлланиладиган божхона божлари 10 фоизни ташкил этарди. Ушбу тарифлар Канада нефть, газ ва электр энергиясини ўз ичига олган барча энергетика тармоғига тааллуқли бўлиши керак. 2 февраль куни эса Канада ҳукумати АҚШ ҳаракатларига жавобан бугун, 4 февралдан бошлаб АҚШ маҳсулотларига ҳам 25 фоиз божхона божларини жорий этишни ва бу чора гўшт, сут ва сут маҳсулотлари, мева, сабзавот ҳамда алкоголли ичимликларни қамраб олишини маълум қилган эди.

Канада Бош вазири Жастин Трюдо АҚШ Президенти Дональд Трамп билан телефон орқали музокара ўтказиб, АҚШ томонидан жорий этилиши режалаштирилган божхона тўловларини камида 30 кунга тўхтатиш бўйича келишувга эришди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп бож пўлат ва алюминий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг